Хивага янада тез ва қулай: “Жалолиддин Мангуберди” электропоездининг иккинчи таркиби йўлга чиқади
Мамлакатимизда ички туризмни ривожлантириш ва ҳудудлар ўртасидаги транспорт алоқаларини янада яхшилаш йўлида муҳим қадамлар ташланмоқда.
Айниқса, тарихий шаҳарларга тезкор ва қулай етиб бориш имконияти кенгайиши маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар учун янги имкониятларни яратмоқда.
22 июлдан бошлаб юқори тезликда ҳаракатланувчи “Жалолиддин Мангуберди” электропоездининг иккинчи таркиби “Тошкент – Хива – Тошкент” йўналишида мунтазам қатновни бошлайди.
Янги жадвалга кўра, поезд Тошкентдан душанба, чоршанба ва жума кунлари, Хивадан эса сешанба, пайшанба ва шанба кунлари ҳаракатланади.
Поезд Тошкент Марказий вокзалидан соат 07:00 да, Хива вокзалидан эса 07:15 да йўлга чиқади. Йўналиш бўйича сафар вақти 7 соат 36 дақиқани ташкил этади.
Қайд этиш лозимки, Корея Эксимбанки ҳамкорлигида Ўзбекистон учун 6 та “Hyundai Rotem” юқори тезликдаги электропоезди харид қилинмоқда.
Ҳозирга қадар ушбу поездларнинг 3 таси Ўзбекистонга олиб келинган. Биринчи таркиб 2026 йил 5 майдан “Тошкент – Хива – Тошкент” йўналишида йўловчиларга хизмат кўрсатиб келаётган бўлса, энди иккинчи таркиб ҳам ҳаракатга қўшилиб, йўловчилар учун янада кўпроқ ўрин ва қулайлик яратади.
Замонавий электропоездлар ҳаракатга чиқиши нафақат транспорт тизимини такомиллаштириш, балки Ичан-қалъа каби бетакрор тарихий обидаларга бой Хивага сайёҳлар оқимини янада ошириш, мамлакатнинг туристик салоҳиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА