Хитой–Ўзбекистон: Тошкент инфратузилмасини модернизациялаш муҳокама марказида
Айни кунларда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигидаги делегацияси Хитой Халқ Республикасининг Тяньцзинь шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Тяньцзинь шаҳри вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Унда томонлар шаҳар хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, хусусан, дренаж тизимларини ривожлантириш, тозалаш иншоотларини модернизация қилиш, сувни йўналтириш, тозалаш ва қайта ишлатиш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.

Икки шаҳар ўртасида амалий тажриба алмашиш, самарали муҳандислик ечимларини ўрганиш ва уларни Тошкентнинг жадал ривожланаётган шаҳар инфратузилмаси шароитида қўллаш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш, шаҳар инфратузилмаси барқарорлигини ошириш, дренаж тизимлари ва тозалаш иншоотларини модернизация қилиш, сувни йўналтириш, тозалаш ва қайта ишлатиш соҳасида замонавий ечимларни жорий этишга қаратилган лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқишни назарда тутувчи ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди.

Шу билан бирга, расмий ташриф доирасида Тяньцзинь шаҳри мери Чжан Гун билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида томонлар икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, Тошкент шаҳрида қулай ишбилармонлик муҳити ва сармоявий иқлимни яратиш масалаларини муҳокама қилди.

Сўнгги йиллар якунларига кўра, икки шаҳар ўртасидаги савдо муносабатлари ҳажми 58 фоизга ўсиб, барқарор ўсишни намоён этаётгани қайд этилди.
Учрашувда хитойлик сармоядорларни қўллаб-қувватлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тяньцзинь шаҳри раҳбарияти Хитой Халқ Республикасидан бўлган сармоядорлар билан тезкор ҳамкорлик қилиш ҳамда уларга лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳрида ҳокимликнинг доимий штабини (ваколатхонасини) ташкил этиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Шунингдек, музокаралар доирасида Тошкент шаҳрида дренаж тизими, тозалаш иншоотлари ва ирригация инфратузилмасини қуриш лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирган “Tianjin Urban Construction” компанияси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Компания шаҳар муҳандислик инфратузилмаси соҳасида халқаро тажрибага эга экани ҳамда Тяньцзинь шаҳри мерияси ушбу лойиҳаларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр экани таъкидланди.

Шунингдек, ХХРга расмий ташриф доирасида Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигидаги шаҳар ҳокимлиги делегацияси “China Railway Construction Corporation” компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида томонлар Тошкент шаҳрини комплекс реновация қилиш, шаҳар инфратузилмасини модернизациялаш ҳамда шаҳарсозлик ва экология соҳаларига замонавий ечимларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Тошкент шаҳар ҳокими компанияга реновация ҳудудларидаги лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, замонавий экологик стандартлар ва технологияларни қўллаган ҳолда қурилиш ва маиший чиқиндиларни қайта ишлайдиган ихтисослаштирилган полигон қуришда иштирок этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этди.
Бундан ташқари, учрашувда пойтахт транспорт инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Тошкент шаҳрида қўшимча пулли автомобиль йўлларини қуриш лойиҳаларини, жумладан, узунлиги қарийб 100 километр бўлган ҳалқа пулли йўлини ҳамда келгуси йилларда қурилиши режалаштирилаётган янги халқаро аэропорт йўналишида шаҳарнинг марказий қисмидан ўтувчи янги пулли магистрал қурилишини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.
Компания вакиллари тақдим этилган ташаббусларни ўрганишдан манфаатдор эканликларини билдириб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини қайд этди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА