“Илк қадам” миллий ўқув дастурини жорий этиш юзасидан тренинг
Жорий йилнинг 20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси техник кўмагида, Ислом тараққиёт банки (ISDB), Араб мувофиқлаштириш гуруҳи (ACG) ва Таълим бўйича глобал ҳамкорлик(GPE)нинг “Ўзбекистон Республикасида таълим хизматлари сифати ва самарадорлигини ошириш” Smart-Ed ҳамкорликдаги лойиҳаси доирасида мазкур қисқа муддатли ўқув курсининг иккинчи босқичи бошланди.
Ушбу босқич доирасидаги тренинглар 20-22 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида бўлиб ўтди.

Мазкур ўқув курсларини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад мактабгача таълим тизимида таълим-тарбия сифатини янада ошириш, педагог кадрларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш, “Илк қадам” миллий ўқув дастурини самарали жорий этиш ҳамда педагогларни замонавий методика ва инновацион ёндашувлар асосида тайёрлашдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, мактабгача таълим тизимида таълим-тарбия жараёнининг сифати ва самарадорлигини ошириш, педагог кадрларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш ҳамда “Илк қадам” миллий ўқув дастурини амалиётга самарали жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тегишли буйруғи қабул қилинди.
Мазкур буйруққа мувофиқ, “Илк қадам” миллий ўқув дастурини мактабгача таълим ташкилотларида кенг жорий этиш бўйича ментор-тренерлар ва педагогларни тайёрлашга қаратилган қисқа муддатли ўқув курслари 2026 йил апрель-август ойларида каскад усулида ташкил этилиши белгиланди.
Биринчи босқичи жорий йил 6-10 апрель кунлари хорижий мутахассислар иштирокида ташкил этилиб, унда мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси педагогик маҳорат марказининг малакали педагогларидан иборат ментор-тренерлар тайёрланди.

Иккинчи босқич 20 апрелдан 31 майга қадар Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ҳамда ҳудудий педагогик маҳорат марказларида ўтказилиб, унда ментор-тренерлар томонидан таянч мактабгача таълим ташкилотлари директор ўринбосарлари ўқитилади.
Учинчи босқич 2026 йил 1–30 июнь кунлари таянч мактабгача таълим ташкилотларида ташкил этилиб, унда директор ўринбосарлари томонидан давлат мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар ходимлари ўқитилади.
Тўртинчи босқич 2026 йил 1 июлдан 15 августга қадар давлат мактабгача таълим ташкилотларида амалга оширилиб, унда директор ўринбосарлари (директорлар) томонидан давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари учун тренинглар ташкил этилади.
Шунингдек, 2026 йил май-июнь ойларида Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетида хорижий мутахассислар томонидан тайёрланган ментор-тренерлар иштирокида республиканинг 13 та педагогика олий таълим муассасаси талабалари ва мутахассислари учун каскад усулида ўқув семинарлар ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида 2026 йил июнь-июль ойларида Тошкент педагогика техникумида педагогика техникумларининг мактабгача таълим йўналиши мутахассислари учун ҳам тренинглар ташкил этилади.
Нукус шаҳрида уч кун давом этган тадбир давомида иштирокчилар секцияларга бўлинган ҳолда мактабгача таълим ва бола ривожланиши, шахсга йўналтирилган педагогиканинг тамойиллари ва асослари, индивидуаллаштириш ва шахсий ўқув услублари, ўйин ёрдамида таълим бериш, таълим муҳитини ташкил қилиш ва ривожлантириш марказларини яратиш, “Илк қадам” бўйича таълимни режалаштириш, оилалар билан ҳамкорлик ва ота-оналарни жалб қилиш каби муҳим мавзулар юзасидан билим ва кўникмаларга эга бўлишди.
Тренинг якунида иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан сертификатлар топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.