Ҳиндистонда "Telegram" вақтинча ёпилди
Тиббиёт имтиҳонлари жараёндаги фирибгарлик ортидан Ҳиндистонда "Telegram" ижтимоий тармоғи вақтинча 16-22 июнь кунлари учун чекланди. Ҳукуматнинг бу қарори жамоатчилик ва рақамли ҳуқуқ фаоллари ўртасида кескин баҳсга сабаб бўлди.
Воқеага тиббиёт олийгоҳларига кириш имтиҳони саволлари интернетга сизиб чиққани ҳақидаги иддао туртки берди. Расмийлар таъкидлашича, маълумот “Telegram” орқали тарқатилган бўлиши мумкин ва ҳолат имтиҳон жараёни адолатли кечишига жиддий путур етказган. Бу ҳақда “Reuters” ахборот агентлиги маълум қилди. Шу тариқа ҳукумат текширув олиб бориш ва имтиҳон хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу платформани вақтинча чеклашга қарор қилди.
“Telegram” жамоаси қарор устидан судга мурожаат қилган бўлса-да, Нью-Деҳли суди ҳукумат чорасини қонуний, деб топди. Идора фикрича, давлат жамоат манфаати ва таълим тизими хавфсизлигини таъминлаш учун шундай қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга. Мазкур чора мамлакатда кенг муҳокама келтириб чиқарди. Рақамли ҳуқуқ фаоллари айни вазият келажакда интернет эркинлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Раҳбарият эса фақат муайян ҳолат билан боғлиқ чеклов қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида жорий этилганини таъкидламоқда.
“Telegram” асосчиси Павел Дуров тақиқни танқид қилиб, имтиҳон саволлари билан боғлиқ юзлаб ноқонуний ҳавола ва аккаунтлар компания томонидан ўчириб ташлаганини эслатди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА