Харид чеки энди – ютуқли
Аксарият истеъмолчи маҳсулот сотиб олгач, харид чекини талаб қилмайди: унутади ёки уни кераксиз деб ҳисоблайди. Айрим сотувчилар ҳам чекни тақдим этиш ҳақида ўйламайди. Бир қарашда оддий ва арзимасдай кўринган бу ҳолат аслида катта муаммоларга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Харид чекларининг талаб қилинмаслиги ёки тақдим этилмаслиги айрим тадбиркорлик субъектлари учун ҳақиқий даромадни яширишга йўл очади. Нақд пулларнинг банкдан ташқари ноқонуний айланишига олиб келади. Буни бир сўз билан “яширин иқтисодиёт” деб аташ мумкин.
QR- кодли чекни олиш сотувчи ва харидорлар ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳисобланади. Мижоз харид учун чек талаб қилишга ҳақли, сотувчи эса уни тақдим этишга мажбур. Бу ҳар икки томоннинг манфаатларини тарозига тортиб тенглаштиради. Бундай чеклар харид тўлов терминал орқали ёки нақд пулда амалга оширилишидан қатъи назар харидорга берилади.
Эндиликда харид чеки орқали автомашина ютиб олиш мумкин бўлади. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида онлайн назорат-касса техникасидан фойдаланишни оммалаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Мазкур қарорга мувофиқ, 2026 йилнинг 1 июлидан бошлаб, эксперимент тариқасида айнан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудида чакана савдо, умумий овқатланиш ҳамда хизмат кўрсатиш объектларида берилган харид чеклари асосида ютуқли ўйинлар ташкил этилади.
– Истеъмол маданиятини юксалтириш, савдо соҳасида шаффофликни таъминлаш ва яширин иқтисодиётга барҳам бериш бугунги даврнинг энг муҳим талабларидан биридир, – Хоразм вилояти солиқ бошқармаси мутахассиси Инобат Муродова. – Эндиликда Қорақалпоғистон ва Хоразмда амалга оширилган оддий харид чеки сизни янги автомобиль эгасига айлантириши мумкин. Ўйин иштирокчисига айланиш тартиби жуда оддий ва қулай. Бунинг учун ушбу икки ҳудуддаги исталган дўкон, кафе ёки хизмат кўрсатиш масканидан харидни амалга ошириб, онлайн назорат-касса техникаси чекини, яъни QR-кодли чекни талаб қилиб олишингиз кифоя. Сўнгра ушбу чекни Давлат солиқ қўмитасининг расмий “Солиқ” мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказасиз.
Қарорга кўра “Солиқ” мобил иловасида махсус “Ютуқли ўйинлар платформаси” ишга туширилади. Платформа ҳар ой якунлари бўйича кейинги ойнинг 5-сонига қадар инсон омилисиз, автоматик тарзда ғолибларни аниқлайди. Ҳар ойлик ўйинларнинг бош соврини – автомобиль. Шунингдек, иштирокчилар учун бошқа қимматбаҳо ва рағбатлантирувчи совринлар ҳам тақдим этилиши мумкин. Ютуқли ўйинларнинг қонунийлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида махсус комиссия фаолият юритади.
– Кўпчиликни қизиқтирадиган энг асосий жиҳат бу ўйиннинг адолатли ва шаффоф ўтишидир, – дейди Хоразм вилояти солиқ бошқармаси мутахассиси Инобат Муродова. – Қарорга кўра, ғолиблар ҳар ой якунлангач, кейинги ойнинг 5-санасига қадар, ҳеч қандай инсон омилисиз, мутлақо электрон тизим орқали тасодифий танлаш, яъни рандом дастури асосида аниқланади. Жараёнларнинг қонуний ва очиқ ўтишини махсус тузилган нуфузли комиссия назорат қилади. Ҳар ойнинг 10-санасида эса ғолибларни мукофотлаш тантаналари ҳудудий телеканаллар ҳамда Солиқ қўмитасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жорий этилган жонли эфирлар орқали бутун оммага кўрсатиб борилади.
Дарҳақиқат, эндиликда Хоразм ва қорақалпоғистонликлар ҳар бир хариди учун чек талаб қилиб, нафақат солиқ интизомини мустаҳкамлашга ва ўз ҳудудининг иқтисодиёти юксалишига ҳисса қўшиш баробарида ўзи учун янги автомобиль соҳиби бўлиш имкониятини яратади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири