Ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Оролбўйи халқаро инновация марказига Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) нинг “Yakuzemi Informative Education Center Co., Ltd.” компанияси томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда қизилмия (Glycyrrhiza) етиштириш ва қайта ишлаш технологияларини трансфер қилиш орқали минтақавий саноатни ривожлантириш” лойиҳаси делегацияси ташриф буюришди.
Ташриф меҳмонларни марказнинг қизилмия етиштириш бўйича тадқиқотлар олиб борилаётган тажриба майдонлари билан таништиришдан бошланди. Марказ мутахассислари ўтказилаётган илмий тадқиқотлар натижаларини тақдим этдилар, шунингдек, қизилмия ўсимлигидан минтақани барқарор ривожлантириш учун қимматли доривор ва саноат экини сифатида фойдаланиш истиқболлари ҳақида сўзлаб бердилар.

Шундан сўнг, делегация аъзолари Экинларни диверсификация қилиш лабораториясида бўлиб, истиқболли ўсимлик турларини Оролбўйи тупроқ-иқлим шароитига мослаштириш ва жорий этиш бўйича олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларини кўздан кечиришди. Мазкур лаборатория мудири Парахат Торешов меҳмонларни Оролбўйи халқаро инновация маркази фаолияти билан батафсил таништириб, унинг асосий йўналишлари, мақсад ва вазифалари, шунингдек, минтақа экотизимини тиклаш ва барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган илмий ва амалий лойиҳалар билан таништирди.
Деградацияга учраган ерларда фойдали ўсимликларни етиштириш бўйича тадқиқотлар, қишлоқ хўжалиги экинларининг шўрланишга чидамлилигини ошириш масалалари, шунингдек, илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этишнинг амалий механизмлари меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Конструктив мулоқот давомида фаолиятнинг барча қизиқарли йўналишлари бўйича савол-жавоб бўлиб ўтди.
Учрашув якунида томонлар илмий тадқиқотлар, тажриба ва технологиялар алмашиш, шунингдек, қизилмия етиштириш ва қайта ишлаш билан боғлиқ лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, ҳар икки томон вакиллари ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини билдириб, ташкилотлар ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш учун асос бўладиган Англашув меморандумини тайёрлаш ва имзолаш бўйича келишувга эришдилар.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири