Ҳар бир учрашув ёшлар учун манфаатли кечмоқда
Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ва муносиб иш ўринларига эга бўлиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Мазкур тизимли ислоҳотлар замирида айнан ёшларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, уларни Ватан равнақига муносиб ҳисса қўша оладиган етук ва рақобатбардош кадрлар этиб тарбиялаш мақсад қилинган.
Шу муносабат билан Пойтахтимизда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими бир йиллик муддатли ҳарбий хизматни шараф билан ўтаб қайтган ёшлар билан учрашди.
Учрашув давомида юрт ҳимояси ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчи экани, ҳарбий хизмат эса ёшларнинг ватанга садоқати, масъулияти ва ҳаётий тажрибасини оширишда муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.
Мулоқот жараёнида ёшларнинг келгусидаги режалари, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда олий таълим олиш истаклари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, уларга давлат томонидан яратилаётган имкониятлар, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ёшлар ўз таассуротлари билан ўртоқлашиб, ҳарбий хизмат давомида орттирган тажрибалари, эгаллаган билим ва кўникмалари келгусидаги ҳаётида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Учрашув якунида ёшларнинг ташаббус ва таклифлари тингланиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ҳамда жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш бўйича тегишли масъулларга зарур топшириқлар берилди.

Шунингдек, Янгиҳаёт туманида ҳам туман ҳокими, туман ИИО ФМБ бошлиғи, масъул раҳбарлар ҳамда маҳаллаларда истиқомат қилувчи ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшлар билан учрашув ташкил этилди.
Учрашув очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, унда ёшларнинг келгуси режалари, уларни қизиқтирган саволлар, фикр-мулоҳазалари ҳамда таклиф ва ташаббуслари тингланди.
Тадбир давомида ёшларга таълим олиш имкониятлари, бандлигини таъминлаш, амалдаги қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ҳамда ёшлар учун яратилаётган шарт-шароитлар бўйича зарур йўл-йўриқлар берилди.

Сергели тумани ҳокими Даврон Исматов ҳамда ДХХ туман раҳбарлари томонидан ҳам ёшлар томонидан кўтарилган муаммолар ва таклифлар атрофлича ўрганилди.
Мулоқот давомида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбий салоҳиятини янада ошириш, Қўриқлаш хизмати, Ички ишлар академияси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳужжат топширишлари учун амалий кўмак бериш, шунингдек, уларнинг доимий бандлигини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланди.
Учрашувда 30 нафар ёшлар иштирок этди. 12 нафарга мос иш ўринлари таклиф этилди ва рўйхат шакллантирилди, шунингдек, 1 нафар ёш шу жойнинг ўзида Қўриқлаш хизматига ишга қабул қилинди.

Учрашувлар давомида ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, хорижий тилларни пухта эгаллаш, илм-фан, инновация, ахборот технологиялари ва тадбиркорлик соҳаларидаги имкониятларини янада кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Шунингдек, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда бизнес лойиҳаларини рўёбга чиқариш юзасидан амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Қайд этилганидек, бу каби учрашувлар орқали ёшларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятдаги фаоллигини ошириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Гулноза Бобоева,ЎзА