Одам савдоси билан шуғулланганлар ушланди
Тошкент вилоятида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи доирасида одам савдоси билан боғлиқ бир нечта жиноий ҳаракатларга чек қўйилди. Тезкор тадбирлар натижасида 4 нафар фуқаронинг алдов йўли билан хорижга олиб чиқилиб, шаҳвоний эксплуатацияга жалб этилишининг олди олинди.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда аниқланишича, жиноятга алоқадор шахслар Туркиядаги шериклари билан тил бириктириб, аёлларни юқори даромадли иш ваъдаси билан алдаб, Истанбул шаҳрига юборишга уринган. Хусусан, Чирчиқ шаҳрида яшовчи 1991 йилда туғилган аёл, Туркия давлати, Истанбул шаҳрида яшовчи танишлари билан жиноий тил бириктириб, осон даромад орттириш мақсадида Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи 21 ёшли аёлни алдов йўли билан чет элга юборишга уринган. Ушбу шахс, аёлни хорижда мўмай даромад топишга ишонтириб, Тошкент халқаро аэропорти орқали, Истанбулга фоҳишалик қилиш учун юбораётган вақтида тезкор ходимлар томонидан далилий ашёлар билан ушлаб қолинди.

Маълум бўлишича, жабрланувчини Истанбулда яшовчи бошқа ўзбекистонлик аёл кутиб олиши керак бўлган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Навбатдаги тезкор тадбирда эса, Бўстонлиқ туманида яшовчи 24 ёшли аёл одам савдоси қурбони бўлишининг олди олинди. Самарқанд вилоятида яшовчи 1999 йилда туғилган аёл Туркияда яшовчи танишлари билан жиноий тил бириктириб, туманда яшовчи 24 ёшли қизга, қандай иш эканини айтмай, алдов йўли билан уни чет элга юборишга уринган. Аёл уни Тошкент халқаро аэропорти орқали Истанбул шаҳрига шаҳвоний экстрадиция, фоҳишалик учун юбораётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашёлар билан ушланди.

Маълум бўлишича, жабрланувчини Истанбулда яшовчи туркиялик шериги кутиб олиши керак бўлган. Ҳозирда ушбу аёлга ҳам жиноят иши қўзғатилган.
Тезкор ходимлар томонидан айнан Бўстонлиқ туманида яна давом эттирилган назорат тадбирида шу каби яна бир ҳолат фош этилди. Андижон вилояти Асака шаҳрида яшовчи 1987 йилда туғилган шахс, хорижда яшовчи танишларининг таклифига кўра, ўзига таниш бўлган, 24 ёшли аёлни чет элга юборишга уринаётган эди. Тошкент халқаро аэропортида улар ҳам далилий ашёлар билан ушланди ва жиноят иши қўзғатилди.

Шу каби яна бир ҳолатда, Ангрен шаҳрида яшовчи 29 ёшли аёлнинг ҳам алданиб қолишига чек қўйилди. Ачинарлиси, ушбу назорат тадбирида, 20 ёшли аёл, 30 ёшли танишини, осон даромад топишига ишонтириб, ёлғон ишни ваъда қилган. Аслида эса уни Туркиядаги таниши билан тил бириктириб, у ердаги тунги клубда ишлаш учун юбораётган вақтида Ички ишлар бош бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тўхтатиб қолинди.
Мутахассислар фуқароларни хорижда ишлаш бўйича шубҳали таклифларга ишонмасликка, фақат расмий ва қонуний меҳнат миграцияси механизмларидан фойдаланишга чақирмоқда. Одам савдоси билан боғлиқ ҳар қандай шубҳали ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга зудлик билан мурожаат қилиш тавсия этилади.
А. Мусаев, ЎзА