Ҳар бир боланинг хавфсиз ва фаровон келажагини таъминлаш муҳим
Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни тизимли ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда муносиб таълим ва тиббий хизматлар билан қамраб олиш давлат сиёсатининг устувор, ўзгармас йўналишига айланди.
Мамлакатимизда келажак капиталига тикилаётган инвестициялар кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Бу бежиз эмас.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра юртимизда 14 ёшга жами болалар сони 11 миллион 630 минг 879 нафарни ташкил этган. Шундан 6 миллион 30 минг 736 нафари ўғил бола ва 5 миллион 600 минг 143 нафари қиз болалардир.
Ушбу улкан демографик кўрсаткич давлатга болалар манфаатларини таъминлашга қаратилган тизимли ва узоқ муддатли чора-тадбирларни изчил давом эттириш масъулиятини юклайди.
Халқаро конвенциялардан Бош қомусимизгача…
Ўзбекистон Республикаси томонидан 1992 йил 19 декабрда ратификация қилинган БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциясига мувофиқ, давлат, суд ва маъмурий органларнинг болаларга оид барча хатти-ҳаракатларида бола манфаатларининг устуворлигини таъминлаш бош мезон этиб белгиланган.
Шунингдек, мазкур халқаро шартнома иштирокчи давлатлар зиммасига болаларнинг тенг имкониятлар асосида бепул ва мажбурий бошланғич таълим олишини кафолатлаш ҳамда таълимнинг кейинги босқичларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш юридик мажбуриятини юклайди.
Ушбу халқаро мажбуриятлар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасида ўз аксини топган. Унга кўра, давлат ҳар кимнинг таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаб, узлуксиз, давлат ва нодавлат таълим тизими ҳамда мактабгача таълимни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади. Бош қомусимизда бепул умумий ўрта ва бошланғич профессионал таълим олиш кафолатланган бўлиб, умумий ўрта таълим мажбурийлиги ва давлат назоратида эканлиги мустаҳкамланган. Шунингдек, илк бор алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълим тизимини таъминлаш конституциявий даражада белгиланган.
Таълимда қамров ва сифат
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида болаларни эрта ёшдан билим ва касбга йўналтириш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар (диверсификациялашган индикаторлар) белгилаб олинган.
Жумладан, “Ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди” тамойили асосида алоҳида эҳтиёжли ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни жамиятга интеграция қилиш ишлари кучайтирилмоқда.
Рақамларга таянадиган бўлсак, алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларнинг умумий таълим мактабларида инклюзив таълим билан қамров даражасини 2025 йилда 500 нафардан 2026 йилда 650 нафарга, 2030 йилгача 1 000 нафарга етказиш мақсад қилинган.
Ногиронлиги бўлган болаларни кундузги парвариш билан қамраб олиш кўрсаткичи эса 2025 йилдаги 3 минг нафардан жорий йилда 3,5 минг нафарга оширилади, 2030 йилгача 4,5 минг нафарга етказиш мақсад қилинган.
Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг жамиятга интеграциялашуви 2025 йил 1 468 нафарни ташкил этган, 2026-2030 йилгача бу кўрсаткични 1 500 нафарга етказиш белгиланган.
Болалар ўртасидаги ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини ошириш мақсадида чақалоқларда ҳаёти учун хавфли бўлган туғма нуқсонлар билан туғилиш даражасини 2025 йилги 13,5 ҳолатдан 2030 йилгача 7 гача камайтириш (100 минг нафар тирик туғилган чақалоққа нисбатан) кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармони асосида болалар хавфсизлиги ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашнинг янги кафолатлари жорий этилди. Мазкур ҳужжатлар болаларни ҳар қандай шаклдаги зўравонлик, тазйиқ ва эксплуатациядан муҳофаза қилиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган.
Жорий йилдан бошлаб болаларни ҳар қандай зўравонлик ва таҳдидлардан ҳимоя қилишнинг мутлақо янги, қатъий ҳуқуқий механизмлари амалиётга татбиқ этилмоқда.
Жумладан, вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсларнинг таълим, тарбия, спорт ва соғломлаштириш масканларида ишлаши қатъиян тақиқланади. Ишга қабул қилиш жараёнида номзодлар махсус ахборот тизимлари орқали мажбурий текширилади.
Нодавлат таълим ҳамда умумий ўрта таълим муассасалари бинолари видеокузатув тизимлари билан жиҳозланади ва видеоёзувларни камида 6 ой давомида сақлаш мажбурий талаб этилади.
Янги тартибга кўра, зўравонлик қурбони ёки гувоҳи бўлган болаларга дастлабки босқичданоқ давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатилади. Жинсий зўравонлик ишлари бўйича юзлаштириш фақат терговчи, прокурор қарори ёки суд ажрими билан ўтказилади. Жароҳат етказувчи омилларнинг олдини олиш мақсадида суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ва адвокатлар учун болалар билан ишлашнинг махсус усуллари бўйича қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилади.
Шунингдек, илғор хориж тажрибаси асосида зўравонликка учраган болаларга бир жойнинг ўзида тиббий, психологик ва ҳуқуқий кўмак берувчи “Барнахус” моделини синовдан ўтказиш белгиланди.
Бундан ташқари, вояга етмаганларни рақамли маконда кибербулинг ва онлайн таъқиблардан ҳимоя қилиш мақсадида 24/7 режимида ишловчи тезкор мониторинг платформасини жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.
Юқорида келтирилган рақамлар ва қонуний нормалар ортида ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, ҳар бир оила ўз ҳаётида ҳис қиладиган реал ва амалий қулайликлар ётади.
Биринчидан, болаларни мактабга тайёрлов гуруҳлари билан қамровнинг 100 фоизга етказилиши ота-оналарни ортиқча харажатлардан халос этади. Энди болани мактабга тайёрлаш учун қиммат репетиторларга пул тўлаш шарт бўлмайди – давлат бу вазифани ўз зиммасига олади. Боғчалар қамровининг кенгайиши эса уйда бола парвариши билан банд бўлган минглаб оналарга ўз устида ишлаш, касбга қайтиш ва оилавий даромадни ошириш имконини беради.
Иккинчидан, ҳар бир боланинг келажакда ўз ўрнини топиши кафолатланади. 9-синф битирувчиларининг ярми (50 фоизи) касб-ҳунарга йўналтирилиши — олий таълимга кира олмаган ёшларнинг кўчада ёки ишсиз қолмаслигини англатади. Чунки бола мактабни битириши билан қўлида аниқ бир ҳунар (IT, техника, хизмат кўрсатиш соҳаси) билан мустақил ҳаётга кириб боради. Хусусий мактаблар улушининг ортиши эса таълим соҳасида соғлом рақобатни яратади ва давлат мактабларида ҳам ўқитиш сифатини оширишга, синфларда болалар сонининг меъёрлашишига хизмат қилади.
Яна бир жиҳат мактаб ва боғчаларда видеокузатув тизимларининг ўрнатилиши ҳамда ёзувларнинг 6 ой давомида сақланиши, шунингдек, зўравонликка мойил шахсларнинг таълим тизимига яқинлаштирилмаслиги ота-оналарга чексиз хотиржамлик беради.
Бундан ташқари, ирсий касалликларнинг камайтирилиши минглаб оилаларни умрбод даволаниш ва руҳий-моддий қийинчиликлардан асраб қолади. Алоҳида эҳтиёжга эга бўлган (ногиронлиги бор) болаларнинг уйга қамалиб қолмай, тенгдошлари билан бирга оддий мактабларда (инклюзив) ўқиши ва кундузги парвариш марказларига жалб этилиши уларнинг ота-оналарига нафас ростлаш, ишлаш ва жамиятдан ажралиб қолмаслик имкониятини тақдим этади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур ислоҳотлар болаларнинг таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва қонуний ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган яхлит давлат тизимини шакллантиришга хизмат қилади. Бу эса инсон капиталини ривожлантириш, баркамол авлодни тарбиялаш ва мамлакатнинг барқарор тараққиёти учун мустаҳкам асос яратади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони юртимизда инсон капитали қиёфасини тубдан янгилаш ҳамда ҳар бир боланинг хавфсиз ва фаровон келажагини таъминлаш йўлидаги энг муҳим қадамдир.
Камола АҒЗАМОВА,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
бош мутахассиси.
ЎзА