Фарғонада янги массивлар замонавий йўл инфратузилмаси билан таъминланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида транспорт-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли яшаш масканларида замонавий йўл тармоқларини барпо этиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ёзёвон туманидаги Юқори Сойбўйи маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида умумий узунлиги 13,3 километр бўлган ички йўлларни қуриш ишлари олиб борилаяпти. Лойиҳа “Қишлоққурилишлойиҳа” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, қурилиш ишлари белгиланган режа асосида давом этмоқда.
Лойиҳа доирасида пиёдалар йўлаклари барпо этиш, йўл четларига ажратувчи тўсиқлар ўрнатиш, ер ишларини бажариш ҳамда асфальт-бетон қопламасини ётқизиш ишларини “Фарғона йўл қуриш УФК” МЧЖ мутахассислари амалга оширмоқда.
[gallery-30446]
Корхона раҳбари Миршод Раҳимовнинг маълум қилишича, жорий йилда Ёзёвон туманидаги “Тошҳовуз” ёшлар кичик саноат зонаси ҳамда “Гулистон-1” ва “Гулистон-2” кичик саноат зоналарига олиб борувчи 4 километр йўл асфальтланди.
Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг биринчи босқичи доирасида Фарғона шаҳридаги Аҳмад ал-Фарғоний маҳалласи ва Тошлоқ туманидаги Қумқишлоқ маҳалласи ҳудудида жами 7,3 километр ички йўлда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди.
Замонавий йўл-қурилиш техникалари ёрдамида амалга оширилаётган мазкур ишлар ҳудудларда транспорт ҳаракати хавфсизлиги ва қулайлигини ошириш, аҳоли учун муносиб инфратузилма яратишга хизмат қилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА