Халқимизга хос бирдамлик ва меҳр-оқибат намоён бўлди
Гулистон туманида муборак Қурбон ҳайити муносабати билан ўтказилаётган умумхалқ ҳашарлари юксак уюшқоқлик, ҳамжиҳатлик ва кўтаринки кайфиятда давом этмоқда. 23–24 май кунлари барча маҳаллаларда ташкил этилган ободонлаштириш тадбирлари нафақат ҳудудларни янада файзли қилиш, балки аҳоли ўртасида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Хусусан, Бахмал, Ҳамид Олимжон ва Тажрибакор маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи темир йўл атрофларида кенг кўламли тозалаш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Ҳашар иштирокчилари томонидан ҳудудлар бегона ўтлардан тозаланиб, дарахтларга шакл берилди, уларнинг танаси оқланди ҳамда атроф-муҳит тартибга келтирилди. Натижада маҳаллаларнинг қиёфаси янада обод ва кўркам тус олди.

Айниқса, ҳашарларда нуронийлар, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар, ёшлар ва кенг жамоатчиликнинг бир мақсад йўлида бирлашиб, елкама-елка меҳнат қилаётгани тадбирларга алоҳида файз бағишлади. Катталарнинг ҳаётий тажрибаси ва дуоси, ёшларнинг ғайрати ҳамда фуқароларнинг фаол иштироки халқимизга хос аҳиллик ва бағрикенглик муҳитини яна бир бор намоён этди.
– Қурбон ҳайити арафасида ўтказилаётган бундай хайрли тадбирлар нафақат ҳудудларни обод қилиш, балки инсонлар қалбида эзгулик, саховат ва ўзаро ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди туман Маҳаллалар уюшмаси раиси Шуҳрат Хушмуродов.

Эътиборли жиҳати шундаки, Қурбон ҳайити муносабати билан Гулистон туманида икки кун давомида ўтказилган умумхалқ ҳашарларида минглаб маҳалла фаоллари, кўча ва уй бошлари ҳамда аҳоли вакиллари фаол иштирок этишди. Улар томонидан ҳудудлар ободонлаштирилиб, 2 тонна маиший чиқиндилар олиб чиқилди, 11 км ариқ ва лотоклар тозаланди, 18 та қабристон ҳамда кўчалар тартибга келтирилди. Шунингдек, дарахтларга шакл берилиб, уларнинг танаси оқланди.

Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами вакилларига амалий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг томорқаларида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, уй-жойлари саранжом-саришта қилинди.
Жумладан, Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси ташаббуси ва агентликнинг туман бўлими ҳамкорлигида “Ишонч” маҳалласида истиқомат қилувчи Озода Алишбоева хонадонида ҳам ҳашар ташкил этилди. Унда агентликнинг вилоят ва туман бўлими ходимлари, фаол волонтёр ёшлар иштирок этиб, хонадон учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш билан бирга, ҳудудда ободонлаштириш ишларини амалга оширишди.

– Ростини айтсам, бу даражадаги эътиборни кутмаган эдим. Ёшларимиз барака топсин. Томорқамдаги чопиқ ишларини бажаришди, уйимни саранжом-саришта қилишди, таъмирталаб жойларини тартибга келтиришди. Ёлғиз, ишсиз ва соғлиғида муаммоси бор инсон учун бу катта далда ва қўллаб-қувватлов бўлди. Ҳашарда Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобуржон Акрамовнинг шахсан ўзи бош-қош бўлиб турди, – дейди Озода Алишбоева.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири