Муҳим келишувга эришилди
Ховос туманида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, интенсив боғдорчиликни ривожлантириш ва “ақлли агротехнологиялар” ни жорий этиш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди. Туман ҳокимлиги ҳамда Хитойнинг мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштиришга ихтисослашган “Green Sea Forestry” компанияси ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ховос тумани ҳокими Қомус Йўлдошев компания вакиллари билан ўтказган учрашувда ҳудудда интенсив усулда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштириш, экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш ҳамда замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда сув танқислиги шароитида самарадорликни ошириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигида рақамли бошқарув тизимларини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди.


Томонлар томчилатиб суғориш ва автоматлаштирилган суғориш тизимларини жорий этиш, рақамли мониторинг асосида кўчат парваришини ташкил қилиш, интенсив боғлар ташкил этиш ҳамда юқори ҳосилли ва иқлим шароитига мос навларни кўпайтириш юзасидан ўзаро келишувга эришдилар. Шунингдек, лойиҳа доирасида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.


Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур келишув келгусида замонавий агротехнологияларга асосланган йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, интенсив боғдорчиликни янада ривожлантириш ҳамда ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири