Халқ билан мулоқот, адолат ва ҳақиқат майдони
Пойтахтимизда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан “Касаба уюшмалари нашрлари трансформация шароитида: конвергенция сари йўл” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси муассислигида чоп этилаётган “Ishonch” газетаси ташкил топганининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, журналистика йўналишидаги олий ўқув юртларининг профессорлари, Касаба уюшмалари фаоллари, журналистлар, ижодкор ёшлар, хорижлик меҳмонлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида матбуотга бўлган муносабат, одамларнинг сўз эркинлигини таъминлаш соҳасидаги ижобий ўзгаришлар медиа соҳаси вакиллари зиммасига ҳам улкан масъулият юклашини таъкидлади.
Президентимизнинг 2025 йил 17 октябрда Ўзбекистон Касаба уюшмалари фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувида бир қатор ҳаётбахш ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, ахборот-коммуникациялари шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги даврда одамларга ишончли маълумотларни ўз вақтида, тўғри етказиш муҳим экани таъкидланиб, бу борада шароит ҳам, салоҳият ҳам етарли эканига алоҳида эътибор қаратилган эди.
[gallery-28536]
Ўзбекистон касаба уюшмалари янги Ўзбекистон шароитида, яъни дунёга очиқ, ислоҳотлар, халқаро жараёнларга интеграциялашув шароитида фаолият кўрсатмоқда. Унинг муассислигида чоп этилаётган “Ishonch” ва “Ishonch–Доверие” газеталари ҳам шу йўлдан бормоқда.
– Касаба уюшмалари инсон манфаати демакдир, – деди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов. – “Ishonch” ва “Ishonch–Доверие” фақат ахборот тарқатувчи нашр эмас, балки меҳнаткаш инсоннинг дарди, ҳуқуқи, орзу-интилишлари, жамиятдаги ўрнини ифода этишга ҳисса қўшаётган минбар, десак муболаға бўлмайди. Халқаро конференциямиз ҳам бежиз “Касаба уюшмалари нашрлари трансформация шароитида: конвергенция сари йўл” деб номланмаган. Замон ўзгармоқда, аудитория ўзгармоқда, ахборот истеъмоли шакллари тезкор суръатлар билан янгиланмоқда. Энди газета фақатгина қоғоздаги нашр эмас, балки веб-сайт, телеграм, YouTube, инстаграм, фото ва видеоконтент, тезкор рақамли мулоқот имкониятлари билан уйғунлашган медиа муҳитнинг ажралмас қисмига айланмоқда. Мазкур анжуман ҳам тажриба алмашиш, фикрлашиш, ҳамкорликни кучайтириш, келгуси вазифаларни белгилаб олишда муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов истиқлолга эришиш арафасида ташкил этилган ушбу газета мустақиллик, эркин ва фаровон, демократик давлат барпо этиш, одамларнинг дарду ташвишларига ечим топиш йўлидаги саъй-ҳаракатларда ўзига хос минбар вазифасини ўтаганини эътироф этди.
Янги Ўзбекистонда кечаётган туб ижобий ўзгаришларни, меҳнат аҳлининг овозини холис, ҳаққоний тарзда кенг жамоатчилик, ҳамюртларимиз ва дунёга етказмоқда. Одамларни ўйлантираётган масалалар, уларнинг дарду ташвишларини теран таҳлилий асосда ифодалашда бугунги кунда “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталарининг аҳамияти катта экани барчамизга яхши маълум.
“Ishonch” газетасининг илк сони 1991 йилнинг 21 март куни нашр этилган. Ўтган давр мобайнида унинг 5 минг 500 дан ортиқ сони муштарийларга етиб борди. Бу рақамлар ортида узоқ йиллик меҳнат, таҳририят тажрибаси, турли авлод журналистларининг изланишлари, энг муҳими ўқувчиларнинг ишончи мужассам.
Бугун “Ishonch” ва “Ishonch–Доверие” нашрлари мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётини ёритиб келаётган, меҳнат аҳли ҳаёти ва унинг ҳуқуқлари, манфаатларига доир мавзуларни мунтазам кўтариб чиқаётган энг фаол нашрлар сифатида эътироф этилмоқда.
Шу кунларда газетанинг умумий адади 37 минг 500 нусхага етгани, ижтимоий тармоқлардаги жами аудиторияси эса 250 мингга яқинлашгани уларнинг ўз ўқувчиси, ўз кузатувчиси, ўз таъсир доираси борлигини англатади. Айни пайтда бундай кўрсаткичлар таҳририят зиммасига улкан масъулият ҳам юклайди.
Сўнгги йилларда таҳририят фаолиятида кўплаб янгиликлар кўзга ташланаётгани диққатга сазовор. Конвергенция жараёни тизимли тус олгани ҳолда таҳририят негизида медиа марказ ташкил этилди. Ижтимоий тармоқларда саҳифалар ишга туширилди, газетанинг босма шаклини ҳудудларда чоп этиш ва тезкор тарқатиш йўлга қўйилди. Ҳар йили газета саҳифаларида эълон қилинган энг сара мақолалар асосида китоблар нашр этиш анъанаси шаклланди.
Халқаро анжуманда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов, Миллий телерадиокомпания раиси Абдурашид Жўрабоев, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Ориф, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори, академик Акмал Саидов, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев, Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш қўмитаси раиси Гулруҳ Аъзамова, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва бошқалар “Ishonch” ва “Ishonch–Доверие” нашрларининг миллий медиа маконда тутган ўрни ва аҳамияти, бугун оммавий ахборот воситалари зиммасидаги масъулият хусусида батафсил тўхталди.
– Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари учун конвергенция масалалари ғоят муҳим, – деди Тожикистоннинг Хатлон вилояти Касаба уюшмалари кенгашининг нашри бўлмиш “Иттифоқ” газетаси бош муҳаррири Раҳмонали Давлатов. – Дарҳақиқат, мазкур конференцияда билдирилган фикрлар асосида “Ishonch” ва “Ishonch–Доверие” нашрларида бу борада ўрганишга арзигулик катта ижодий мактаб, мукаммал тажриба яратилганига гувоҳ бўлдик. Ундан намуна олсак арзийди.
Халқаро анжуман давомида Ўзбекистонда медиа конвергенция, рақамли таҳририят ва медиа иқтисодиёт, медиа-конвергенция шароитида медиа маҳсулотларини монетизация қилиш моделлари, телеграм, YouTube, инстаграм платформаларида медиа-стратегия, “Ishonch” газетаси мисолида, “Ishonch” ва “Ishonch–Доверие” газеталари журналистларининг замонавий ахборот манбалари, жуналистикада сунъий интеллект, автоматлаштирилган контент яратиш ва RAG тизимининг афзалликлари ва бошқа илғор йўналишларда мавзулар батафсил муҳокама этилди. “Ishonch” ва “Ishonch–Доверие” газеталарининг иш тажрибаси батафсил ўрганилди.
Соҳада самарали меҳнат қилган фахрий журналистлар, ёш ижодкорлар, газетага турли йилларда раҳбарлик қилган бош муҳаррирлар, устоз ижодкорлар Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан тақдирланди.
Назокат Усмонова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА мухбирлари