Халқ билан бирга муаммоларга ечим сари
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Навбаҳор туманининг Янги куч, Ялтиработ ва Қизилработ маҳаллалари аҳолиси учун мобил штабнинг сайёр қабули ташкил этилди.
Фуқароларнинг дарду ташвишларини тинглаш, уларни жойида ўрганиш ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий ечим топиш мақсадида ташкил этилган учрашувда туман корхона ва ташкилотлар мутасаддилари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Қабул давомида аҳолидан 50 га яқин мурожаат келиб тушди. Уларнинг 41 таси жойида ижобий ҳал этилди, қолган мурожаатлар эса ҳуқуқий жиҳатдан ўрганиш ва амалий чоралар кўриш учун тегишли ташкилотлар назоратига олинди.

Мурожаатларнинг асосий қисми ички йўлларни таъмирлаш ва қуриш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, суюлтирилган газ етказиб бериш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари хусусида бўлди. Шу билан бирга, электр таъминотини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектлари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда аҳоли учун янги иш ўринлари яратишга оид таклиф ва мурожаатлар ҳам билдирилди.
Сайёр қабул давомида ҳар бир мурожаат эътибор билан тингланиб, мутахассислар томонидан ҳуқуқий ва амалий тушунтиришлар берилди. Айрим масалалар бўйича жойнинг ўзида масъулларга аниқ топшириқлар юклатилиб, ижро муддатлари белгилаб олинди.

– Сайёр қабулда иштирок этиб, қишлоғимиз ички йўллари ва Ҳужум қишлоғи қабристонига борадиган йўлни шағаллаштириш масаласида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим, – дейди Ялтиробод маҳалласида яшовчи Тоштемир Жўраев. – Чунки ёғин-сочинли кунларда йўлларимиз лой, ёзда эса чанг бўлиб кетади. Бу эса аҳолимизга бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Мутасаддилар мурожаатимни тинглаб, албатта, ёрдам беришини, тез кунларда қабристонга борадиган йўлга шағал ташлаб беришларини ваъда берди. Ижросини эса маҳалла раисимиз ва депутатларимиз назоратга олишини айтишди.
Таъкидланганидек, “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ўтказилаётган бундай сайёр қабуллар аҳолининг ҳаётий муаммоларини жойида ўрганиш, уларни тезкор ҳал этиш ҳамда халқ манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

ЎзЛиДеП Навоий вилоят Кенгаши томонидан бундай сайёр қабуллар келгусида ҳам изчил давом эттирилиб, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим топиш ва ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган амалий ишлар изчил давом эттирилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири