Косметология: "ботокс"дан сўнг 50 нафарга яқин фуқарода оғир ножўя реакциялар кузатилди
Бу ҳақда «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси матбуот хизмати маълум қилди.
Шу боис, Фуқаролардан косметологик муолажаларни фақат лицензияга эга тиббиёт ташкилотларида ўтказиш, жумладан қўлланилаётган препаратларнинг Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтганлиги ва қонуний муомалада эканлигига ишонч ҳосил қилиш, келиб чиқиши номаълум ёки давлат рўйхатидан ўтмаган маҳсулотлардан фойдаланмаслик сўралмоқда.
Сабаби, аввал ҳам хабар берилганидек, “Refinex Botulinum Toxin Type A for Therapy” ҳамда “Dysport 500 Clostridium botulinum type A toxin-haemagglutinin complex” маҳсулотлар қўлланилиши оқибатида фуқароларда жиддий ножўя реакциялар кузатилган. Ҳозирги вақтда ушбу ҳолатлар юзасидан ўрганиш ва назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
Эътиборлиси, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ботулинотоксин сақловчи давлат рўйхатидан ўтмаган “Refinex Botulinum Toxin Type A for Therapy” ҳамда “Dysport 500 Clostridium botulinum type A toxin-haemagglutinin complex” маҳсулотлари қўлланилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан фуқароларни яна бир бор огоҳлантирмоқда.

“Мавжуд маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар ушбу маҳсулотлар косметологик мақсадларда қўлланилганидан сўнг оғир ножўя реакциялар кузатилган фуқаролар сони 50 нафарга яқинлашган. Айрим беморларда ботулизмга хос клиник белгилар аниқланиб, уларга стационар шароитда зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳозирда ваколатли органлар томонидан мазкур ҳолатлар юзасидан ҳар томонлама ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, маҳсулотларнинг келиб чиқиши, мамлакат ҳудудига олиб кирилиши ва Ўзбекистон Республикасидаги муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар аниқлаштирилмоқда.
Яна бир бор эслатиб ўтамизки, “Refinex Botulinum Toxin Type A for Therapy” ҳамда “Dysport 500 Clostridium botulinum type A toxin-haemagglutinin complex” маҳсулотлари Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Шу сабабли уларнинг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги ваколатли орган томонидан баҳоланмаган”, дейилади хабарда.
Агар мазкур маҳсулотлар харид қилинган ёки қўлланилган бўлса, улардан фойдаланишни дарҳол тўхтатиш ҳамда шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади.
Муҳим эслатма: маҳсулот қўлланилгандан сўнг кўришнинг хиралашиши, қовоқларнинг осилиши, ютиниш ёки гапиришнинг қийинлашиши, мушаклар кучсизлиги, нафас олишнинг қийинлашиши каби аломатлар кузатилган тақдирда зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарур.
«Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси фуқароларни ўз саломатлигига масъулият билан ёндашишга, дори воситалари ва тиббий маҳсулотларни фақат қонуний савдо тармоқлари орқали харид қилишга ҳамда шубҳали маҳсулотлар аниқланган ҳолларда ваколатли органларга зудлик билан мурожаат қилишга чақиради.
Моҳигул Қосимова, ЎзА