Ҳалол меҳнат умрни безайди
Инсоннинг ҳақиқий бойлиги эгаллаган лавозимида эмас, балки ортида қолдирган эзгу изларида намоён бўлади. Бир умр илм улашиб, юзлаб шогирдларни камолга етказган, маҳаллада инсонлар дардига ҳамдард бўлиб, оилалар тотувлиги ва ёшлар тарбияси йўлида сидқидилдан хизмат қилган фидойи инсонлар жамиятнинг энг катта бойлигидир. Ана шундай устозлардан бири — Мамлакат Бегманованинг Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Республика «Нуроний» жамғармаси томонидан I даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланиши нафақат бир инсоннинг кўп йиллик меҳнати, балки ҳалол меҳнат, устозлик ва инсон қадрига берилган юксак эҳтиромнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида юрт тараққиёти, халқ фаровонлиги ва маънавий юксалиш йўлида муносиб ҳисса қўшган инсонларни эътироф этиш эзгу анъанага айланди. Бу эътирофлар замирида бир ҳақиқат мужассам: мамлакат тараққиёти, аввало, ўз касбига садоқат билан ёндашган, халқ хизматига бутун умрини бағишлаган инсонлар меҳнати билан таъминланади.
Мамлакат Бегманова ана шундай инсонлардан. У 1957 йил 26 февралда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида таваллуд топган. Мактабни муваффақиятли тамомлаб, Сирдарё давлат педагогика институтида таҳсил олди. Ёшликда танлаган устозлик касби кейинчалик унинг бутун ҳаёти ва тақдирига айланди.
1979 йилда Гулистон шаҳридаги 13-умумтаълим мактабида физика фани ўқитувчиси сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган Мамлакат опа қисқа вақт ичида билимдон, ташаббускор ва талабчан педагог сифатида эътироф этилди.
Кейинчалик маънавий-маърифий ишлар, сўнгра эса ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари сифатида самарали фаолият юритди. Унинг раҳбарлиги ва устозлиги остида юзлаб ўқитувчиларнинг касбий маҳорати юксалди, минглаб ўқувчилар ҳаётга мустаҳкам билим ва юксак маънавий фазилатлар билан қадам қўйди.
Опанинг меҳнат фаолияти мактаб билан чекланиб қолмади. Кейинги йилларда Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси Методика ҳамда «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказлари, шунингдек, маҳалла тизимидаги турли масъул лавозимларда самарали ишлади. Қайси соҳада меҳнат қилмасин, инсон манфаати, оила мустаҳкамлиги ва ёшлар тарбиясини ўз фаолиятининг устувор йўналиши деб билди.
Бугун ҳам у нафақада бўлишига қарамай, Гулистон шаҳридаги «Ибратли» маҳалласида нуроний ва «Бувижонлар мактаби» аъзоси сифатида фаол жамоатчилик ишларини давом эттирмоқда. «Оқила аёллар» ҳаракати доирасида оилаларда тотувликни таъминлаш, ажрим ёқасига келган оилаларни яраштириш, ёш келин-куёвларга ҳаётий маслаҳатлар бериш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда эҳтиёжманд оилаларга амалий кўмак кўрсатиш каби хайрли ишларга бош-қош бўлиб келмоқда. Шу боис маҳалла аҳли уни нафақат собиқ устоз, балки ҳаёт тажрибасига эга оқила маслаҳатчи сифатида ҳам юксак қадрлайди.
Мамлакат Бегманова нафақат фидойи устоз ва жамоат фаоли, балки ибратли она сифатида ҳам кўпчиликка намуна бўлиб келмоқда. У турмуш ўртоғи билан биргаликда тўрт нафар фарзандни вояга етказиб, уларнинг ҳар бирига ҳалол меҳнат, илм-маърифат, касбга садоқат ва Ватанга муҳаббат туйғуларини сингдирди.
Бугун фарзандлари турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Катта қизи Малоҳат Мавлонова таълим тизимида фаолият юритиб, ёш авлоднинг билимли ва рақобатбардош кадр бўлиб етишишига ҳисса қўшаётган бўлса, ўғли Рустамбек Бегманов тажрибали жарроҳ сифатида инсонлар саломатлигини асраш йўлида шарафли меҳнат қилмоқда. Кичик қизи Муяссар Сулаймонова тадбиркорлик соҳасида фаолият юритиб, янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий фаолликни оширишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Кенжа ўғли Расулжон Бегманов эса шифокор сифатида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдек масъулиятли вазифани юксак масъулият билан адо этиб келмоқда.
Фарзандларининг турли соҳалардаги ютуқлари бежиз эмас. Бу, энг аввало, оилада шаклланган соғлом муҳит, меҳнатсеварлик, илмга интилиш ва эл-юртга хизмат қилиш каби юксак қадриятларнинг амалий самарасидир. Шу маънода, Мамлакат Бегманованинг устозлик мактаби нафақат минглаб шогирдлари, балки ўз фарзандлари ҳаётида ҳам муносиб давом этаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Унинг кўп йиллик меҳнати аввал ҳам муносиб қадрланган. У «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони, «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги» эсдалик медали ҳамда «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланган. I даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони эса ушбу шарафли ҳаёт йўлининг мантиқий давоми бўлди.
— Бу мукофотни ўзимга эмас, бутун умрини таълим-тарбия ва жамоатчилик ишларига бағишлаган устозлар ҳамда нуронийларга кўрсатилган юксак ҳурмат деб биламан. Эл-юртнинг ишончи ва дуоси мен учун энг катта мукофот, — дейди Мамлакат Бегманова.

Дарҳақиқат, инсоннинг ҳақиқий қадри эгаллаган лавозими ёки олган мукофотлари билан эмас, балки ҳаёти давомида қолдирган эзгу излари билан ўлчанади. Мамлакат Бегманова ўзининг ҳалол меҳнати, фидойилиги, устозликка садоқати ва жамоатчилик ишларидаги фаоллиги билан нафақат минглаб шогирдлар, балки бутун бир маҳалла ҳаётида ўчмас из қолдирган инсонлардан биридир.
Энг муҳими, инсоннинг ҳақиқий бойлиги олган мукофотларида эмас, балки тарбиялаган авлоди, камолга етказган шогирдлари ва халқ қалбида қолдирган эзгу изида намоён бўлади. Давлат мукофоти эса ана шу шарафли умр йўлига берилган муносиб баҳодир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири