Ҳаким Термизий мероси – маърифат ва тараққиётга хизмат қилади
Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллиги олдидан
Сўнгги йилларда мамлакатимизда буюк аждодлар меросига муносабат тубдан ўзгарди. Илгари асосан тарихий хотира доирасида тилга олинган алломаларимизнинг ҳаёти ва асарлари бугун кенг кўламли илмий тадқиқотлар, халқаро ҳамкорлик дастурлари, академик нашрлар, замонавий музейлар ва маърифий лойиҳаларнинг асосий мавзусига айланмоқда. Бу жараён халқимизнинг ўтмишини улуғлаш билангина чекланмайди. У миллий тафаккурни юксалтириш, ёш авлодни мустақил фикрлайдиган, билимли ва маънавий баркамол инсонлар этиб тарбиялашга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим йўналишидир.
Янги Ўзбекистонда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази, буюк муҳаддис ва мутафаккирлар номи билан аталган халқаро илмий-тадқиқот марказлари, қайта обод қилинаётган қадамжолар ҳамда дунё қўлёзма хазиналаридан излаб топилаётган нодир манбалар ана шу янгича ёндашувнинг амалий ифодасидир. Аждодларимизнинг илмий мероси замонавий таълим, маънавий тарбия, туризм ва халқаро маданий мулоқот билан узвий боғланмоқда. Бу орқали тарих фақат ўтмиш ҳақидаги хотира эмас, балки бугунги тараққиёт ва келажакни белгилайдиган маънавий таянчга айланмоқда.
Президентимизнинг 2026 йил 24 июлдаги “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори бу ислоҳотларнинг мазмунан янги босқичини бошлаб берди. Ҳужжатда алломанинг илмий меросини чуқур тадқиқ этиш, асарларини илмий-изоҳли таржима ва нашр қилиш, нодир қўлёзмаларини ўрганиш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш, буюк аждодимиз номини жаҳонда тарғиб этишга доир муҳим вазифалар белгиланган.
Бу қарор аҳамиятини биргина юбилей тантаналари билан ўлчаб бўлмайди. Унда Ҳаким Термизий меросини илмий, таълимий, маданий ва халқаро йўналишларни бирлаштирган яхлит дастур асосида ўрганиш кўзда тутилган. Демак, асосий мақсад муайян санани нишонлаш эмас, балки аллома қолдирган маърифат хазинасини бугунги авлод тафаккури ва жамиятимиз эҳтиёжларига яқинлаштиришдан иборат.
Бу жараён мамлакатимизда сўнгги вақтларда ўтказилаётган йирик халқаро анжуманлар билан ҳамоҳангдир. Жорий йилда ташкил этилган Халқаро ислом цивилизацияси форуми Ўзбекистон заминида шаклланган илмий мактабларнинг жаҳон тараққиётидаги ўрнини кенг муҳокама қилиш имконини берди. Форум иштирокчилари ислом цивилизациясининг моҳиятини фақат диний тарих билан эмас, илм-фан, маданият, ахлоқ, тинчлик ва инсонпарварлик ғоялари билан боғлиқ ҳолда таҳлил қилди.
Форум доирасида Термизда ўтказилган “Термиз ҳадис мактаби: алломалар мероси ва замонавий тадқиқотлар” мавзуидаги халқаро конференция эса воҳамизнинг ислом илмлари тарихидаги ўрнини яна бир бор яққол кўрсатди. Анжуманда Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва бошқа термизий алломалар мероси замонавий манбашунослик, ҳадисшунослик ва тасаввуфшунослик нуқтаи назаридан муҳокама этилди. Бу каби илмий мулоқотлар Термизни ўтмишдаги буюк илм маркази сифатидагина эмас, бугунги халқаро тадқиқотлар майдони сифатида ҳам намоён этмоқда.
Ҳаким Термизий ана шундай улуғ илмий муҳитда камол топган мутафаккир. Тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр ибн Ҳорун бўлиб, тадқиқотчилар фикрига кўра, 820-830 йиллар оралиғида Термизда таваллуд топган.
Ул зотнинг оиласида илмга алоҳида эътибор берилган. Отаси таниқли муҳаддис бўлиб, онаси ва она томондан бобоси ҳам ҳадис илми билан шуғуллангани ҳақида маълумотлар бор. Ана шундай муҳитда тарбия топган Ҳаким Термизий саккиз ёшидан диний билимларни ўрганишга киришган. Кейинчалик тафсир, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф билан бир қаторда астрономия, тиббиёт ва математика каби фанларни ҳам ўзлаштирган.
Алломанинг “Ҳаким” номи билан шуҳрат қозониши ҳам бежиз эмас. Аллома диний масалаларнинг ташқи шаклини баён қилиш билан чекланмаган, балки ҳар бир ҳукм, ибодат ва ахлоқий талабнинг моҳияти ҳамда ҳикматини очишга интилган. Унингча, билим инсон хотирасида жамланган маълумотлар мажмуаси эмас, балки унинг қалби, хулқи ва ҳаёт тарзини ўзгартирувчи маънавий қудрат бўлиши лозим.
Улуғ аждодимиз “Одоб ан-нафс” (“Нафс тарбияси”) ва “Риёзатун-нафс” (“Нафс риёзати”) сингари асарларида инсоннинг ички оламини поклаш, хоҳиш-истакларни идора этиш ва хулқни гўзаллаштириш масалаларини таҳлил қилади. Алломага кўра, нафсни тарбиялаш инсонни ҳаётдан узоқлаштириш эмас, аксинча, уни атрофдагиларга меҳрибон, адолатли, сабрли ва манфаатли шахсга айлантиришдир. Ҳаким Термизий инсон руҳияти, қалб ва тафаккур босқичларини чуқур ўрганиб, маънавий камолотни инсон шахсиятининг яхлит тараққиёти сифатида талқин этган.
“Наводирул усул” (“Нодир асллар”) асарида ҳам ҳадислар қуруқ ривоят ёки назарий маълумот сифатида эмас, инсоннинг маънавий-руҳий ва маиший ҳаётида қўлланадиган ҳикмат манбаи сифатида шарҳланади. Аллома ҳар бир ҳадиснинг ташқи мазмуни билан чекланиб қолмай, унинг инсон қалби, ахлоқи ва кундалик турмушига таъсирини очиб беришга ҳаракат қилади. Шу тариқа илмнинг ҳақиқий қиммати унинг инсон ҳаётида эзгулик, раҳм-шафқат ва адолатга айланиши билан белгиланади. Шу маънода Ҳаким Термизий ислом тафаккурида инсоннинг ташқи фаолияти билан унинг ички оламини биргаликда ўрганган илк мутафаккирлардан ҳисобланади. Унинг илмий меросида эътиқод, тафаккур, ахлоқ ва руҳий тарбия бир-биридан ажратилмайди. Бу эса аллома таълимотининг бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаётганини кўрсатади.
Ҳаким Термизий яшаган давр турли ақидавий ва сиёсий баҳслар авж олган мураккаб бир босқич эди. Айрим оқимлар диний матнларни бир ёқлама талқин қилиб, жамиятда ихтилофлар келтириб чиқараётган шароитда у соф ислом таълимотини илмий далиллар асосида ҳимоя қилишга ҳаракат қилди.
Алломанинг бу йўлдаги энг муҳим фазилати шунда эдики, у мухолиф фикрга билим ва далил билан жавоб берган. Унинг илмий услуби бугунги кунда ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойили жамият маънавий барқарорлигини таъминлашнинг энг самарали йўлидир.
Турли манбаларда Ҳаким Термизий қаламига мансуб асарлар сони ҳар хил кўрсатилган бўлса-да, унинг 80 га яқин асари маълум. Уларнинг кўпчилиги нашр этилган, айримлари эса ҳали ҳам дунёнинг нуфузли қўлёзма фондларида сақланмоқда. Аллома асарларининг географик жиҳатдан кенг тарқалгани унинг илмий нуфузи ўз давридаёқ ислом оламининг турли ҳудудларига етиб борганини тасдиқлайди.
Президент қарорида “Наводирул усул” (“Нодир асллар”) ва “Баҳрут-тафсир” (“Тафсир уммони”) каби асарларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр этиш белгилангани, айниқса, аҳамиятлидир. Бу вазифани амалга ошириш учун қўлёзмаларни солиштириш, муаллиф матнининг ишончли илмий-танқидий нусхасини тайёрлаш, мураккаб диний ва тасаввуфий истилоҳларга шарҳлар бериш зарур бўлади.
Бундай тадқиқотлар Ҳаким Термизийни замонавий китобхонга тўлақонли танитиш билан бирга Ўзбекистонда манбашунослик ва матншунослик мактабини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади. Жаҳон фондларидаги нодир қўлёзмаларни излаб топиш, рақамлаштириш, реставрация қилиш ва илмий муомалага киритиш эса халқимизнинг йўқолиб бораётган илмий хотирасини қайта тиклаш имконини беради.
Ҳужжатда ёш тадқиқотчиларни термизийшуносликка жалб этиш, аллома меросидаги инсонпарварлик, маънавий поклик ва бағрикенглик ғояларини оммалаштиришга ҳам катта эътибор қаратилган. “Ҳаким Термизий асарлари билимдони” танловининг ўтказилиши ёшларни асарларнинг тайёр шарҳлари билангина чекланмай, уларнинг асл мазмунига мурожаат қилишга ундайди. Бунинг аҳамияти шундаки, аждодлар меросини билиш ёшларда фақат тарихий фахрни эмас, балки ахлоқий масъулиятни ҳам шакллантиради. Ҳаким Термизий таълимотида илм инсонни кибрдан сақлаши, уни жамиятга фойда келтиришга, ўз нафсини тарбиялашга ва бошқаларга эзгулик қилишга чорлаши лозим. Ана шу ғоялар ёшларнинг ахборотни саралаш, ҳар қандай даъватни танқидий баҳолаш ва мустақил хулоса чиқариш қобилиятини мустаҳкамлайди.
Ҳаким Термизий ёдгорлик мажмуасини замонавий маърифат ва зиёрат масканига айлантириш вазифаси ҳам қарорнинг муҳим йўналишларидан биридир. Мажмуа фақат тарихий обида сифатида эмас, алломанинг илмий оламини намоён этувчи очиқ маърифат даргоҳи бўлиши лозим. Замонавий экспозициялар, электрон кутубхона, қўлёзмаларнинг рақамли нусхалари, турли тиллардаги ахборот материаллари ва интерактив воситалар маҳаллий ҳамда хорижий зиёратчиларга Ҳаким Термизий меросини чуқурроқ англаш имконини беради.
Бу ишлар Термизнинг тарихий ва маънавий салоҳиятини жаҳон миқёсида кенг намоён этади. Шаҳарнинг қадимги илм маркази сифатидаги мавқеи замонавий илмий анжуманлар, халқаро тадқиқотлар ва зиёрат туризми билан бойиб боради. Яқинда Термизда ўтказилган халқаро конференция ҳам бу борада муҳим тажриба бўлди. У турли мамлакат олимларини бирлаштириб, Термиз илмий муҳити бўйича янги тадқиқотларга йўл очди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон буюк алломалар меросини жаҳонга тарғиб этиш орқали ўзига хос маърифий дипломатияни шакллантирмоқда. Бу ёндашувда тарихий мерос фақат миллий бойлик сифатида эмас, балки халқлар ўртасидаги мулоқот, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликка хизмат қилувчи умуминсоний қадрият сифатида тақдим этилмоқда. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Ҳаким Термизий асарларидаги адолат, меҳр-шафқат, бағрикенглик ва илмга эҳтиром ғоялари ана шу маърифий мулоқотнинг мустаҳкам асосидир.
Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлашга қаратилган қарорни шу жиҳатдан янги илмий ва маънавий имкониятлар эшиги, деб баҳолаш мумкин. Бу қарор туфайли аллома меросини тадқиқ этиш пароканда ташаббуслар доирасидан чиқиб, тизимли ва узоқ муддатли дастурга айланади.
Энг муҳими Ҳаким Термизий қолдирган меросга мурожаат этиш орқали биз ўтмишдан фақат фахрланишни эмас, ундан бугунги кун учун хулоса чиқаришни ҳам ўрганамиз. Алломанинг илм билан ахлоқни, эътиқод билан тафаккурни, ибодат билан инсон манфаатини уйғун кўрган қарашлари Янги Ўзбекистон маънавий тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этади.
Ҳаким Термизий меросини ўрганиш ўтмиш ҳақидаги билимларимизни кўпайтириш билангина чекланмайди. Алломанинг инсон қадрини эъзозлаш, ота-онага эҳтиром, оила олдидаги масъулият, қўшнига ғамхўрлик, муҳтожга кўмак, қалб поклиги ва нафс тарбиясига доир қарашлари бугунги жамиятимиз учун ҳам муҳим маънавий мезондир. Бу таълимот ёшларни ўз манфаатинигина ўйлашдан сақлаб, бошқаларнинг дардига дахлдор, юрт тақдири учун масъулиятли ва жамиятга наф келтирадиган инсон бўлиб камол топишга чорлайди.
Буюк аждодларга муносиб ворис бўлиш уларнинг номини улуғлаш билангина эмас, балки илмий жасорати, юксак инсонпарварлиги, ҳақиқатга интилиши ва маърифатпарварлик анъаналарини давом эттириш билан белгиланади. Шу боис Ҳаким Термизийнинг 1200 йиллик юбилейи халқимизнинг тарихий хотирасини мустаҳкамлайдиган, миллий ғурурини юксалтирадиган ва ёш авлодни буюк илмий меросга дахлдорлик руҳида тарбиялайдиган умуммиллий маърифат ҳаракатига айланиши зарур. Зеро, Ҳаким Термизий қолдирган маънавий хазина фақат Термиз замини ёки мусулмон оламининг эмас, бутун инсоният тафаккурининг бебаҳо мулкидир. Уни чуқур ўрганиш, халқимизга яқинлаштириш ва жаҳонга муносиб тақдим этиш Янги Ўзбекистоннинг маънавий юксалиши, илмий тараққиёти ва маърифий дипломатиясига хизмат қилади. Инсон қадрини улуғлаган ҳикмат эскирмайди, меҳр-оқибатга таянган жамият ҳамиша тараққиёт ва фаровонлик сари юксалади.
Музаффархон Жониев,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
ЎзА