Гўшт кўпайтириш вазифалар мажмуасига боғлиқ (+видео)
Хитойда 1,5 миллиард аҳоли яшайди. Аммо кундалик ҳаётда гўшт ва гўшт маҳсулотлари танқис эмас. Овқат таркибининг асоси гўшт.
Хўш, уни етиштириш, етказиб бериш ва қайта ишлашдаги ўзига хослик нимада? Биз бу саволга жавоб топиш учун Хитойнинг Боле шаҳридаги гўшт етиштириш кластери фаолияти билан танишдик.

"Xinjiang Tialai Farming Group Co., Ltd" 2013 йилда ташкил этилган. Ҳозирги кунда гуруҳда 1700 дан ортиқ ходим фаолият юритмоқда. У наслдор қорамол етиштириш (жумладан Ангус ва бошқа зотлар), гўшт йўналишидаги қорамолларни генетик такомиллаштириш, боқиш ва семиртириш, гўшт маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, музлатилган уруғ ишлаб чиқариш, ем-хашак етиштириш, юқори оқсилли ем, дезинфекция маҳсулотлари ҳамда гўштчилик саноати занжири бўйлаб рақамли интеллектуал дастурий ва техник ечимларни тадқиқ қилиш, ишлаб чиқариш ва сотиш соҳаларида иш олиб бормоқда. Бу ерда гўшт маҳсулотлари учун йиллик сўйиш қуввати 60 000 бош қорамол ва 150 000 бош қўйни ташкил этади. 50 000 тонна DDGS озуқаси ва 200 000 тонна парраксимон озуқа ишлаб чиқариш линиялари мавжуд. 30 000 му (хитой ер ўлчови) озуқа экиладиган майдон қорамолчиликни органик ем-хашак билан таъминлайди. Йиллик 350 000 тонна озуқа ишлаб чиқариш қуввати яратилган бўлиб, у илмий асосланган, самарали ва соғлом озиқланишни таъминлайди.


Бу мажмуа Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмидаги энг йирик замонавий қорамолчилик хўжаликларидан бири ҳисобланади ва ҳозирги вақтда 50 000 бош тирик қорамол боқилмоқда.
Гуруҳ келгуси 3-5 йил ичида маҳаллий Ангус қорамоллари сонини 300 000 бошга етказишни, саноат кластерини шакллантиришни, 10 000 та маҳаллий аҳоли учун иш ўринлари яратишни ва ҳар бир хонадон даромадини 50 000 юандан ортиққа оширишни мақсад қилган.


– Ҳар бир бош қорамол 17 ойликда сўйилади, – дейди "Xinjiang Tialai Farming Group Co., Ltd" бўлими бошлиғи Жен Хао Вен. – Шунда у ўртача 600 килограмм гўшт бериши лозим. Бизнинг маҳсулот сифатлилиги жиҳатидан Хитойда энг олдинги қаторда туради.
Шундай қилиб, кластер чорвада наслчилик, сунъий уруғлантиришдан тортиб то маҳсулотни аҳолига энг қулай кўринишларда етказиб беришгача бўлган барча жараёнларга яхлит вазифа деб ёндошади.


"Xinjiang Tialai Farming Group Co., Ltd" компаниясининг бош офиси Боле шаҳрида бўлсада, қўй ва қорамоллар шаҳар атрофидаги яйловларда боқилади. Келгуси мақоламизда гўшт кўпайтириш самарадорлиги ҳақида ҳикоя қиламиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Qqv4P1AH1m4" title="Go‘sht ko‘paytirish vazifalar majmuasiga bog‘liq" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА