Гиёҳвандликка қарши курашишда спортнинг алоҳида ўрни бор
26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни муносабати билан Ўзбекистон давлат спорт академияси ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт илмий-тадқиқотлар институтида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, зарарли одатлар профилактикаси ҳамда ҳуқуқий онгни мустаҳкамлашга қаратилган профилактик-маърифий тадбир ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 3 ноябрда имзоланган “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш ҳамда ушбу йўналишда белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида ўтказилган тадбир давомида иштирокчиларга гиёҳвандлик воситаларининг инсон организмига салбий таъсири, ёшлар тарбияси ва жамият барқарорлигига туғдирадиган хавф-хатарлар, оилавий қадриятларнинг қадрсизланишига ҳамда келажак авлод саломатлигига кўрсатадиган салбий оқибатлари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларни турли зарарли иллатлардан асраш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда соғлом авлодни тарбиялашда спортнинг стратегик аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Институт жамоаси томонидан ёшларни зарарли одатлардан ҳимоя қилиш, соғлом турмуш маданиятини қарор топтириш ҳамда профилактик тарғибот тадбирларини тизимли равишда давом эттириш устувор вазифа сифатида белгилаб олинди.
Т. Рўзиев, ЎзА