Рақамли маркировкалаш тизими кенгаймоқда: янги товар тоифалари бўйича тажриба-синов лойиҳалари ишга туширилади
Мамлакатимизда товарларни рақамли маркировкалаш тизимини ривожлантириш бўйича ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, 2026 йил 1 июлдан ўсимлик ёғи, тиббий буюмларнинг айрим турлари ҳамда вакциналарни қамраб оладиган янги тажриба-синов лойиҳалари ишга туширилади. Бу борадаги чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгиланган бўлиб, улар товар айланмасининг шаффофлигини ошириш, маҳсулот сифати устидан назоратни кучайтириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Маркировкалаш тизимидаги янги тоифалар
Бугунги кунда рақамли маркировкалаш бир қатор ижтимоий аҳамиятга эга товар гуруҳларига нисбатан қўлланилиб, босқичма-босқич янги соҳаларни ҳам қамраб олмоқда. 2026 йил 1 июлдан йил якунига қадар қадоқланган ўсимлик ёғининг айрим турларини рақамли маркировкалаш бўйича тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилади. Шу билан бирга, тиббий буюмлар ва вакциналарнинг айрим турларини маркировкалаш бўйича ҳам тажриба-синов лойиҳалари бошланади.
Жумладан, тажриба тариқасида вакциналар, иммунологик препаратлар, зардоблар, қон препаратлари ва уларнинг фракциялари, стерил жарроҳлик материалларининг айрим турлари, гемостатик воситалар, гормонал контрацептивлар ва коронар стентларни маркировкалаш режалаштирилмоқда.
Тажриба-синов формати бозор иштирокчиларига янги жараёнларни синаб кўриш, ишлаб чиқариш ва логистика занжирларини мослаштириш, шунингдек, мажбурий маркировкалашга ўтишга тайёргарлик кўриш имконини беради. Ҳукуматнинг амалдаги қарорларига кўра, мазкур тоифадаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тартиби 2027 йил 1 июлдан бошлаб жорий этилади.
Нега айнан ушбу тоифадаги товарларни маркировкалаш йўлга қўйилмоқда?
Рақамли маркировкалаш тизимининг ўсимлик ёғи, вакциналар ва тиббий буюмларга нисбатан татбиқ этилиши истеъмолчилар хавфсизлигини янада ошириш, ҳалол рақобатни ривожлантириш ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга товарлар айланмаси устидан назорат механизмларини такомиллаштириш зарурати билан изоҳланади.
Ўсимлик ёғи кундалик истеъмол товарлари қаторига киради. Бундай тоифаларда товарнинг қонуний келиб чиқишини тасдиқлаш ва унинг бутун таъминот занжири бўйлаб ҳаракатини кузатиб бориш имкониятини таъминлаш муҳим.
Маркировкалаш соғлиқни сақлаш соҳаси учун алоҳида аҳамиятга эга. Тиббий буюмлар ва вакциналар инсон саломатлиги ва ҳаёт сифатига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис, уларнинг муомаласи устидан назорат алоҳида эътиборни талаб этади. Маркировкалаш тизими товарни ишлаб чиқарувчидан тортиб якуний истеъмолчигача бўлган барча босқичларда кузатиб бориш имконини беради. Бу эса хавфсизликни ошириш ва ноқонуний маҳсулотлар тарқалиши хавфини камайтиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, рақамли маркировкалаш бизнеснинг барча иштирокчилари учун тенг шароитлар яратишга ёрдам бериб, бозор шаффофлигини оширади ва истеъмолчиларнинг харид қилинаётган товарларга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Ишлаб чиқарувчилар ва импортчилар учун нима ўзгаради?
Тизимнинг асосини ҳар бир маҳсулот бирлигига тушириладиган ноёб DataMatrix коди ташкил этади. Бундай код товарнинг ўзига хос рақамли паспорти вазифасини ўтаб, унинг ҳаракатини ишлаб чиқариш ёки импорт қилишдан тортиб, якуний истеъмолчига сотилгунига қадар бўлган барча босқичларда кузатиб бориш имконини беради.
Ёғ, тиббий буюм ёки вакцинанинг ҳар бир қадоғи ўзининг такрорланмас кодига эга бўлади ва у ҳақидаги маълумотлар миллий кузатув тизимида қайд этилади. Бу маҳсулот ҳаракати янада шаффоф бўлишини таъминлаш, назорат даражасини ошириш ва товарларнинг ноқонуний айланмаси хавфини камайтириш имконини беради.
Рақамли маркировка нима беради?
Истеъмолчилар учун бу – товарнинг қонуний эканига ишонч ҳосил қилиш ва уни “Asl Belgisi” мобил иловаси орқали мустақил текшириб кўриш имкониятидир.
Тадбиркорлар учун маркировка бозорда фаолият юритишнинг ягона ва шаффоф қоидаларини яратиб, ҳисоб-китоб сифатини ошириш ва товар оқимларини янада самарали бошқаришга ёрдам беради.
Давлат учун эса тизим бозорни мониторинг қилиш, товарларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш ва ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларда назорат самарадорлигини оширишнинг муҳим воситасига айланади.
Бу қандай ишлайди?
Маркировкалаш механизми барча турдаги маҳсулотлар учун бир хил бўлади. Дастлаб, ишлаб чиқарувчи ёки импортчи товарга ноёб DataMatrix кодини туширади. Шундан сўнг, маҳсулот тўғрисидаги маълумотлар рақамли тизимга киритилиб, унинг ҳаракатланишининг барча босқичлари қайд этиб борилади.
Товар етказиб бериш занжири бўйлаб ҳаракатланган сари маълумотлар янгиланиб боради. Бу эса уни ҳар бир босқичда кузатиш имконини беради.
Истеъмолчи маҳсулотнинг қонунийлигини бевосита унинг қадоғидаги маркировка кодини сканерлаш орқали бепул “Asl Belgisi” (Android/iOS) мобил иловаси ёрдамида текшириш мумкин.
Маркировка – кенг кўламли рақамли трансформациянинг бир қисми
Рақамли маркировкалаш тизимининг ўсимлик ёғи, тиббий буюмлар ва вакциналарга ҳам жорий этилиши мамлакатимизда иқтисодиётни рақамлаштириш ҳамда товар айланмасини назорат қилишнинг замонавий механизмларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларнинг бир қисмидир.
Ягона кузатув тизимининг шакллантирилиши давлат, бизнес ва истеъмолчиларга маҳсулот ҳақида янада ишончли маълумот олиш, бозор шаффофлигини ошириш ҳамда соғлом рақобат ривожланиши учун шароит яратиш имконини беради.
ЎзА