Германия Британия ядро қуролини такомиллаштиришга сармоя киритмоқчи
Германия Буюк Британиянинг денгиз узра учадиган “Trident” ядровий тизимини молиялаштириш ниятида. Россия таҳдиди ва АҚШнинг Европадаги ҳарбий иштироки қисқаришидан хавотир туфайли икки давлат шу масала бўйича фаол музокара олиб боряпти.
“The Telegraph” манбаларга таяниб хабар беришича, ГФР ўз захирасини яратиш ўрнига Британия ва Франциянинг мавжуд ядровий кучлари билан янада яқин уйғунлашишни истаяпти.
Мақсад кейинги авлод сув ости кемаларини қуриш, ракета ишлаб чиқариш ва жанговар каллак учун уранни бойитишга ёрдам бериш. Яна бир йўналиш – Қироллик инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун анъанавий қурол тақдим этиш. Масалан, Шотландиянинг Фаслане шаҳридаги сув ости кемаси базасида Германиянинг “Patriot” ракеталарини жойлаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, Германия Франция билан ҳам яқин ядровий ҳамкорлик бўйича музокара олиб боряпти. Париж ядровий салоҳияти АҚШдан мустақиллиги туфайли Европа давлатларини ўзига жалб қилади.
Тахминан 200 ядровий каллакка эга Лондон аллақачон НАТОни ҳимоя қилиш учун тийиб турувчи кучларини тақдим этган. Барибир, Буюк Британия захирасини такомиллаштириш АҚШ билан ҳамкорликка боғлиқ, чунки “Trident” ракеталари Америкада ишлаб чиқарилади ва сақланади.
С.Раҳимов, ЎзА