Швейцария ҳарбий дрон батальони тузади
Швейцария 2028 йилдан армия таркибида разведка, ҳарбий амалиёт ва мудофаа вазифасини бажарадиган махсус дрон батальони тузиш режасини эълон қилди. Мамлакат Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, бунинг учун ҳарбий хизматчиларни танлаш ва тайёрлашга мўлжалланган махсус дастур ҳам йўлга қўйилади.
Шунингдек, дрон ва робот техникаси бўйича фуқаролик-ҳарбий маркази ҳам ташкил этилади. Мазкур тузилма таркибида технология маркази ва ҳарбий қўмондонлик фаолият кўрсатади. Янги марказда ишлаб чиқиладиган технология синовдан ўтказилиб, қисқа муддатда армия эҳтиёжига мослаштирилиши кўзда тутилган.
Дрон, ўзи учар учоққа қарши ҳимоя тизими ва робот техникаси ушбу мамлакат учун “устувор йўналиш” сифатида белгилади. Бу қарор сўнгги йилларда қуролли можароларда дрондан разведка қилиш, нишонни аниқлаш ва зарба беришда кенг фойдаланилаётгани билан изоҳланган. Ҳарбий объект ва муҳим инфратузилма узра дрон парвози кўпайгани ҳам қайд этилган. Дронга қарши илк тизим аллақачон жорий қилинган.
Анъанавий равишда қуролланган бетарафлик сиёсатини юритадиган Швейцарияда эркаклар учун мажбурий ҳарбий хизмат сақланиб қолган. Ушбу мамлакатнинг илдизи 1516 йилга тақаладиган бетарафлик сиёсати халқаро миқёсда 1815 йил тан олинган.
Мусулмон Зиё, ЎзА