Газ таъминоти: рақамлаштириш, модернизация ва самарадорлик
Қашқадарё вилоятида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш, тизимдаги йўқотишларни қисқартириш ҳамда соҳага замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, тармоқларни модернизация қилиш, рақамлаштириш ва гидравлик лойиҳалар асосида иш юритиш соҳада янги ёндашувларни шакллантирмоқда.
Сўнгги йилларда табиий газ истеъмоли ҳажмининг ортиши ҳамда инфратузилманинг маълум қисми узоқ йиллардан буён фойдаланиб келинаётгани тармоқларни комплекс янгилашни тақозо этмоқда. Шу мақсадда вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари бўйича гидравлик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бугунги кунда Қарши шаҳри ва Косон тумани бўйича мазкур лойиҳалар тўлиқ тайёрланган бўлиб, уларга асосан 2026–2030 йилларда қарийб 328 километр газ қувурларини қуриш, реконструкция қилиш ва модернизация қилиш режалаштирилган.

Эътиборли жиҳати, эндиликда таъмирлаш ишлари фақат носоз қувурларни алмаштириш билан чекланмаяпти. Мутахассислар муҳофаза ҳудудларини таъминлаш, ортиқча юклама билан ишлаётган тармоқларни оптималлаштириш, ҳалқаланган тизимларни жорий этиш, қўшқатор тармоқларни ягона тармоққа бирлаштириш ҳамда хизмат муддати юқори бўлган қувурларни босқичма-босқич янгилашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Соҳада рақамли технологияларни жорий этиш ҳам муҳим натижалар бермоқда. Вилоятдаги қарийб икки минг километр газ тақсимлаш тармоқлари ва ундаги жиҳозларни назорат қилиш жараёни рақамлаштирилган. Бунинг натижасида газ тармоқларини онлайн мониторинг қилиш, носозликларни эрта аниқлаш, таъмирлаш ишларини тезкор ташкил этиш ва ноқонуний уланишларнинг олдини олиш имконияти кенгаймоқда.

Газ таъминоти тизимидаги яна бир муҳим йўналиш саноат корхоналарини барқарор табиий газ билан таъминлашга қаратилган. Хусусан, Қарши шаҳридаги “Қарши” ва “Қорахитой” газ тақсимлаш станциялари ҳудудларида газ қувурларини қайта ташкил этиш, саноат майдончаларини реконструкция қилиш ва эски инфратузилмани янгилаш ишлари амалга оширилди. Бу эса ҳам хавфсизликни, ҳам тармоқларнинг ишончлилигини оширишга хизмат қилмоқда.

- Маҳаллалар инфратузилмасини замонавий қиёфага келтириш ҳам устувор вазифалардан бири ҳисобланади, - дейди “Ҳудудгаз Қашқадарё” ГТФ бош муҳандиси Бахтиёр Жабборов. - Жорий йилда вилоят бўйича 73,9 километр қўшқатор газ тармоқларини ягона тизимга бирлаштириш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 31,2 километр тармоқда ишлар бажарилди. Натижада 16 та маҳаллада газ таъминоти сифати яхшиланиб, техник йўқотишлар камайтирилди ва ҳудудларнинг обод қиёфаси таъминланди.

Шунингдек, ҳар бир шаҳар ва туманда намунавий “рақамлаштирилган маҳалла” тизимини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳалар доирасида газ қувурлари эстетик тартибга келтирилмоқда, замонавий ҳисоблаш ускуналари ўрнатилмоқда, эски жиҳозлар янгиланмоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бундай ёндашув айрим ҳудудларда табиий газ сарфини 10 фоизгача тежаш ва мавҳум йўқотишларни 5 фоизгача қисқартириш имконини бермоқда.

Қарши шаҳрининг Арал маҳалласида амалга оширилган ишлар бу борадаги самарали тажрибалардан бири бўлди. Маҳаллада ер ости газ тармоқларини реконструкция қилиш, икки босқичли таъминот тизимини жорий этиш ва қувурларни ягона тармоққа бирлаштириш ишлари натижасида аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифати сезиларли даражада яхшиланди.

Косон тумани мисолида ҳам амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Гидравлик лойиҳа асосида амалга оширилган модернизация ишлари туфайли 5 мингдан ортиқ хонадоннинг газ таъминоти яхшиланди. Шу билан бирга, мавҳум йўқотишлар 4,8 фоизга қисқарди, ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари камайди ва сезиларли миқдорда табиий газ иқтисод қилинишига эришилди.

Таъкидлаш лозимки, соҳада амалга оширилаётган бу каби ишлардан кўзланган асосий мақсад аҳолини куз-қиш мавсумида узлуксиз табиий газ билан таъминлаш, тармоқларнинг ишончлилигини ошириш ҳамда йўқотишларни минимал даражага туширишдан иборат. Рақамлаштириш ва гидравлик таҳлилларга асосланган бошқарув тизими келгусида сармояларни аниқ манзилга йўналтириш ва мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиш имконини беради.

Мутахассислар фикрича, тармоқларни модернизация қилиш, рақамли назоратни кучайтириш ва маҳаллалар кесимида манзилли ишлаш тажрибаси Қашқадарё вилоятида табиий газ таъминоти сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА