Газ қуйиш шохобчаларида хавфсизликни таъминлаш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
Юртимизда хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, авария ҳамда фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар мунтазам олиб борилади.
Навбатдаги шундай тадбирлардан бири “Ўзэнергоинспекция” томонидан Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари (АГТШ) ва автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) масъуллари иштирокида ташкил этилди.
“Бахтсиз ҳодисалар, авариялар ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш” мавзусида ўтказилган тадбирда хавфли ишлаб чиқариш объектларида юзага келиши мумкин бўлган хатарларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, газ баллонлари билан боғлиқ хавфсизлик талаблари, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чоралари ҳамда табиий газдан оқилона фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Семинарда назорат тадбирлари натижалари ҳам таҳлил қилиниб, айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан саноат ва ёнғин хавфсизлиги талабларига тўлиқ риоя этилмаётгани қайд этилди. Мавжуд камчилик ва қонунбузилиш ҳолатлари кўриб чиқилиб, уларни бартараф этиш юзасидан зарур тавсиялар берилди.

Таъкидланганидек, АГТШ ва АГТКШ раҳбарларига хавфли ишлаб чиқариш объектларида ички назоратни кучайтириш, технологик жараёнларни амалдаги хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этиш ҳамда бахтсиз ҳодисалар, авариялар ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Хусусан, газ баллонли транспорт воситаларига газ қуйиш вақтида автомобилнинг олд ва орқа капотлари очиқ бўлиши, двигатель ўчирилган ҳолатда туриши ҳамда газ баллони багаж қисмида жойлашган транспорт воситаларида багаж қопқоғи очиқ ҳолда ёқилғи қуйилиши таъминланиши зарур.
Шу билан бирга, тадбирда АГТШ ва АГТКШларда фойдаланилаётган босим остида ишловчи сиғимлар, суюлтирилган газ ташувчи махсус автотранспорт воситалари, уларнинг сиғимлари ҳамда ортиқча босимдан ҳимояловчи клапанларни белгиланган муддатларда техник кўрик ва синовлардан ўтказиш устидан доимий назоратни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ёзги мавсумда ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши инобатга олиниб, суюлтирилган углеводород газини (СУГ) сиғимларга тўкиш ишларини хавфсизлик нуқтаи назаридан эрталаб соат 06:00 дан 11:00 гача ҳамда кечки соат 17:00 дан 20:00 гача бўлган вақт оралиғида амалга ошириш тавсия этилди.

Айтиш керакки, бундай назорат-профилактика тадбирлари саноат ва ёнғин хавфсизлиги маданиятини юксалтириш, масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда фавқулодда ҳолатлар ва аварияларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА