Ғалла мавсумига тайёргарлик
Жорий йилда Андижон вилояти ғаллакорлари томонидан 69 минг 134 гектар майдонга ғалла экилган. Айни кунда ризқ-рўзимиз бўлган ғалла пишиб етилмоқда. Етиштирилган ана шу ғаллани нобуд қилмай йиғиштириб олиш, ғалла ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан, беталафот ўтказиш, айниқса, ғаллани ёнғиндан муҳофаза қилиш, ёнғин хавфсизлиги борасидаги ишларни ўз муддатида ва юқори савияда ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари ходимлари томонидан жойларда маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддилари, фермер хўжаликлари, тажрибали деҳқонлар билан ҳамкорликда ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлаш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.

Вилоятда ғалла ўримига жалб этиладиган 260 та комбайн, автотранспорт ва бошқа техника воситалари техник кўрикдан ўтказилиб, мавсумга шай ҳолатга келтирилди.

Бундан ташқари, вилоятдаги 3 та донни қайта ишлаш ва уларга қарашли 11 та донни қабул қилиш ва саралаш корхоналарида мавсумга тайёргарлик, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши бўйича мониторинг ўтказилди.

Мониторинг натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Жамоаларда суҳбатлар, масъул ходимлар, ишчи-хизматчилар орасида тушунтириш ишлари, шунингдек, тактик машғулотлар ўтказилди. Бундан ташқари, донни қайта ишлаш корхоналари масъуллари, комбайн операторлари, ёқилғи ташувчи махсус техникаларнинг ҳайдовчилари, фермер хўжаликларининг ишчи-хизматчилари йўриқномадан ўтказилмоқда.

– “Ғалла-2026” мавсумида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида панно ва шиорлар тайёрланиб, серқатнов йўллар четларига ўрнатилди, – дейди Андижон вилояти ФВБ бошқармаси матбуот хизмати раҳбари, капитан Ҳаётбек Раҳимов. – Шунингдек, тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича мурожаатнома, панно, эслатма ва плакатлар тайёрланиб, аҳоли кўп йиғиладиган жойларга, шийпонларга, ғаллани қабул қилиш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш корхоналарига илиб қўйилди.

Айни кунда ғалла ўрими мавсумида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар якунига етказилмоқда. Мавсумини беталафот ўтказиш, энг муҳими, халқимизнинг ризқ-рўзи бўлган ғаллани ўз вақтида, исроф қилмасдан йиғиштириб олиш учун зарур ишлар олиб борилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.