Ғалла ҳосилини суғурталаш энди Агропортал орқали онлайн расмийлаштирилади
Бугунги кунда рақамлаштириш ва инновацион ечимлар иқтисодиётнинг барча соҳаларига изчил кириб бормоқда.
Хусусан, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, фермер ва деҳқон хўжаликлари учун қулай хизматларни жорий этиш борасидаги ишлар давом этмоқда.
Эндиликда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг "Рақамли қишлоқ хўжалиги" интеграцион платформаси — Агропортал орқали ғалла экинидан кам ҳосил олиш оқибатида юзага келадиган молиявий зарарни суғурталаш хизмати йўлга қўйилди.
Янги имконият орқали ғалла етиштирувчи хўжаликлар Агропорталдаги шахсий кабинетлари орқали онлайн ариза юбориб, суғурта шартномасини масофадан туриб расмийлаштиришлари мумкин. Бу эса фермерлар учун вақтни тежаш, ортиқча ҳужжатбозликни камайтириш ҳамда суғурта хизматларидан янада тез ва қулай фойдаланиш имконини яратади.
Муҳими, суғурта мукофотининг 50 фоизи фермер томонидан тўланади, қолган 50 фоизи эса давлат субсидияси ҳисобидан қопланади. Мазкур хизмат ғалла етиштирувчиларини турли кутилмаган хатарлар оқибатида юзага келиши мумкин бўлган молиявий йўқотишлардан ҳимоялашга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА