ФВВ Академияси вакили талабалар билан учрашди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси Рекрутмент бўлими бошлиғи, полковник Умиджон Ҳамдамов иштирокида талаба-ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда университетнинг кимё-технология, физика, архитектура, қурилиш, саноат-технология, география ва табиий ресурслар ҳамда биология факультетларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар иштирок этди.
Учрашув давомида полковник Умиджон Ҳамдамов талаба-ёшлар билан самимий суҳбатлашиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида яратилган имкониятлар, таълим жараёнининг ўзига хос жиҳатлари ва 2+2 таълим тизими ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, ёшлар билан мулоқот давомида ҳарбий касбнинг шарафли ва масъулиятли экани, бу соҳада хизмат қилиш юксак билим, жисмоний тайёргарлик, мардлик ва Ватанга садоқатни талаб қилиши таъкидланди.

Учрашувнинг қизиқарли жиҳатларидан бири талаба-ёшларнинг ҳарбий либосларда ўзларини синаб кўриши бўлди. Полковник Умиджон Ҳамдамов ёшларни ҳарбий либослар билан таништирди. Бу жараён талабаларда катта қизиқиш ва кўтаринки кайфият уйғотди. Тадбир якунида учрашувни ташкил этишда фаол иштирок этган ташкилотчилар ва фаол талаба-ёшларга фахрий ёрлиқлар топширилди.

Мазкур учрашув талаба-ёшларни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида таълим олиш имкониятлари билан яқиндан таништириш, уларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқишини ошириш ҳамда Ватан олдидаги масъулият ва бурч туйғусини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири