Декларацияда кўрсатилмаган маҳсулотлар олиб ўтилишининг олди олинди
Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда “Дўстлик” чегара божхона пости ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган божхона назорати тадбири давомида юртимизга декларацияда кўрсатилмаган маҳсулотлар олиб кирилаётганлиги аниқланди.
Юртимиз ва қўшни Қирғизистон ўртасидаги “Дўстлик” чегара божхона постининг “Кириш авто” йўлаги орқали Ўзбекистон Республикасига кириб келган юк автотранспорт воситасининг ҳужжатлари ўрганилганида, юк кузатув ҳужжатлари ҳамда божхона органларини олдиндан хабардор қилиш декларациясида кўрсатилмаган товарлар мавжудлигига шубҳа пайдо бўлган.
Шундан сўнг транспорт воситаси “қизил” йўлакка йўналтирилиб, белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилган.


Кўрик давомида божхона органларига тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилмаган, дастлабки қиймати 1 миллиард 500 миллион сўм бўлган 7 турдаги маҳсулотлар мавжудлиги маълум бўлди.
Божхона бошқармаси Матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири