Юнон-рум бўйича мамлакат кубогида бухоролик полвонлар ғолиб бўлди
Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида юнон-рум кураши бўйича ўтказилган U15 ёш тоифасидаги Ўзбекистон кубоги мусобақаси ўз якунига етди. Мусобақанинг ҳал қилувчи кунида ёш полвонлар бир қатор вазн тоифаларида ғолиблик учун кураш олиб борди.
Жумладан, мусобақанинг 38 килограммгача вазн тоифасида Бухоро вилояти вакили Абубакр Қурбонов олтин медални қўлга киритди. Кумуш медаль эса Муҳаммадлазиз Каримовга (Тошкент вилояти) насиб этди. Шунингдек, Бобуржон Йўлдошев (TOPSTTM) ва Афзал Турдалиев (TOPSTTM) бронза медалларига сазовор бўлди.
Вазни 41 килограммгача бўлган полвонлар орасида Маҳмуджон Аҳмедов, Иброҳим Нарзуллаев, Бунёд Маҳмудов ва Муҳаммадюсуф Шокиралиев, -44 кг.да Бобур Сайфуллаев, Шерзод Шерназаров, Азизбек Абдулҳамидов ва Валижон Суюнов шоҳсупага кўтарилди.
Шунингдек, ўз вазн тоифаларида Мирислом Ғофуров, Абдулазиз Хатамов, Меҳрож Турдимуродов, Беҳруз Абдупаттаев, Руслан Овезмуротов, Амир Азаматов ва Темур Ўролов каби полвонлар мусобақа ғолибига айланди.
Қайд этилган натижалар якунига кўра, жамоавий ҳисобда Бухоро вилояти спортчилари 147 балл билан биринчи ўринни эгаллади. Тошкент вилояти 137, Андижон вилояти эса 111 балл билан кучли учликни якунлаб берди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА