Фуқаролар билан мулоқот ва жамоатчилик назоратини кучайтириш самарали натижа беради
Аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни таъминлаш, уларнинг дарду ташвишларини тинглаш ва муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш энг муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Элдор Туляков Яккасарой туманида 2026 йилнинг биринчи чораги давомида амалга оширган депутатлик фаолияти юзасидан сайловчилар олдида ҳисобот берди.
Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари — Уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Обиджон Мўминов, Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенова, туман фаоллари, маҳалла раислари, коммунал хизматлар, ижтимоий соҳа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари иштирок этди.
Аҳоли фаровонлигини ошириш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, коммунал хизматлар сифатини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, ёшлар бандлиги ва тадбиркорликни ривожлантириш каби масалалар ўртага ташланди.
Шунингдек, шаҳар миқёсида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жойлардаги ижроси бўйича олиб борилган ишлар ҳақида ҳам фикр алмашилди.

Бундан ташқари, фуқаролар мурожаати билан ишлаш натижалари ҳамда келгусида амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар муҳокама қилинди.
Учрашувдан сўнг аҳоли учун очиқ қабул ташкил этилди. Қабул жараёнида фуқаролар томонидан уй-жой билан таъминлаш имкониятлари, ипотека ва таълим кредитларини расмийлаштириш шартлари, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, коммунал соҳадаги муаммолар, йўл ва транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш каби кўплаб масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Фуқароларнинг ҳар бир мурожаати атрофлича кўриб чиқилди. Масъул ташкилотлар иштирокида амалий ечимлар ишлаб чиқилди, айрим масалалар жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб қиладиган мурожаатлар бўйича аниқ муддатлар ва масъул ижрочилар белгиланди.
Энг муҳими, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила манфаати ва фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончи турганини инобатга олган ҳолда, кўтарилган барча масалаларнинг ижроси туман ҳокими ва тегишли мутасаддиларнинг алоҳида назоратига олинди.
Бу борада фуқаролар билан доимий мулоқот ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича ишлар изчил давом эттирилади.
А.РУСТАМОВ, ЎзА