Элчи Ўзбекистондаги ислоҳотларни юқори баҳолади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Спикер Н.Исмоиловнинг Малайзиянинг Ўзбекистондаги ўз фаолиятини якунлаётган Фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳам Туаҳ бин Иллиас билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда сўнгги йилларда олий даражадаги мулоқотлар фаоллашиб, икки томонлама ҳамкорлик кенгайиб бораётгани, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил февраль ойида Малайзияга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга катта суръат бағишлаб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларида янги саҳифа очгани таъкидланди.
Н.Исмоилов элчининг Ўзбекистон — Малайзия муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни изчил кенгайтиришга қўшган салмоқли ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Ўз навбатида, элчи самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистондаги фаолияти давомида мамлакат, унинг меҳмондўст халқи ва бой маданий мероси ҳақида жуда илиқ таассуротларга эга бўлганини таъкидлади.
Шунингдек, элчи Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда барча соҳаларда амалга оширилаётган тарихий ислоҳотларни юқори баҳолади. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи янада мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида эътироф этди.
Учрашув давомида икки давлат парламентлари ҳамкорлик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва уни янада кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Парламент дипломатияси салоҳиятидан самарали фойдаланиш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш лозимлиги таъкидланди.
М.Комилова, ЎзА