Францияда аномал иссиқ сабаб сувда чўкиб кетиш ҳолатлари кескин ортди
Францияда охирги икки ой давомида кузатилаётган аномал иссиқ тўлқинлар оқибатида 300 га яқин инсон сувда чўкиб ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат спорт вазири Марина Феррари “France Inter” радиоси эфирида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, жорий йил 19 июндан бери 301 та кўнгилсиз ҳодиса қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоизга юқоридир. Фожиалар асосан очиқ сув ҳавзаларида, хусусан, каналлар ва шахсий бассейнларда содир бўлмоқда.
Ёзги бешинчи иссиқлик тўлқини сабаб мамлакатнинг 78 та ҳудудида “зарғалдоқ” (хавфли) об-ҳаво даражаси эълон қилинди. Расмийлар аҳолини кўпроқ сув истеъмол қилишга, кундузи жисмоний зўриқишлардан қочишга ҳамда яшаш жойларини шамоллатиб туришга чақирмоқда.
Шу билан бирга, аномал иссиқдан азият чекаётганлар сони ортгани боис шифохоналар ва тиббиёт ходимларига тушаётган оғирлик кескин ошган бўлиб, мутахассислар мавжуд вазиятни коронавирус пандемияси даври билан қиёслашмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА