АҚШ чиплар ва тиббиёт маҳсулотлари бўйича импортга қарамликни бартараф этмоқчи
Қўшма Штатлар ўз ҳудудида йирик ярим ўтказгичлар ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этмоқда ва бу келажакда чет элдан микрочиплар харид қилиш эҳтиёжини бутунлай йўққа чиқаради.
Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп “WABC” радиосига берган интервьюсида маълум қилди. Унинг таъкидлашича, илгари Хитойга чиқиб кетган чип ишлаб чиқариш соҳаси яна мамлакатга қайтмоқда ва айни вақтда асосан, Аризона штатида дунёдаги энг йирик заводлар қурилмоқда.
Бундан ташқари, Оқ уй раҳбари фармацевтика ҳамда тиббий ускуналар таъминотида ҳам хорижга қарамликни камайтириш кўзланганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, “Eli Lilly”, “Pfizer” ва “Merck” каби гигант корпорациялар ўлка ичида янги қувватларни барпо этмоқда.
Агар компаниялар ишлаб чиқаришни АҚШга қайтармасдан, Германия ёки бошқа давлатларда қолдирса, йирик бож тарифларини тўлашларига тўғри келади. Шу сабабли фармацевтика соҳаси вакиллари ҳам заводларни АҚШнинг ўзида қуришни афзал кўришмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА