Франция мудофаа тизимига яна 100 000 кишини ишга олади
Франция расмийлари мудофаа саноати компаниялари 2030 йилга келиб тахминан 100 000 кишини иш билан таъминлашига умид қилмоқда, дея хабар тарқатди “Le Figaro” газетаси.
Таъкидланишича, меҳнат вазири Жан-Пьер Фаранду давлат бандлик хизмати вазифасини бажарувчи “France Travail” ташкилоти кўмагида тегишли бандликни ривожлантириш режасини тасдиқлади.
Ушбу ташкилот таркибида истеъфодаги генерал бошчилигидаги ишчи гуруҳ тузилди. Шунингдек, мамлакат расмийлари соҳа ривожига қаратилган 15 000 ўқув дастурини ишга тушириш режасини тузган.
Август ойи бошида меҳнат вазири ёшларни ишчи кучи бозорига интеграция қилиш ҳукумат олдидаги устувор вазифа, деган эди. Қолаверса, тажрибали мутахассислар кўникмасини бозор талаби, хусусан ядро энергетикаси, экологик ўтиш ва мудофаа саноати соҳаларига мослаштириш орқали иш ўринларини сақлаб қолиш муҳимлигига урғу берган.
С.Раҳимов, ЎзА