Беларусь Польша ва Литва чегараси яқинида қўшинларини жамламоқда (+видео)
Беларусь Полша ва Литва чегараларида тўрт кунлик ҳарбий машғулотларни бошлади. НАТО учун стратегик Сувалки коридорига туташ ҳудуддаги бу ҳаракатлар минтақа хавфсизлиги борасида саволлар туғдирмоқда.
Беларусьда Польша ва Литва чегаралари яқинида тўрт кунлик ҳарбий машғулотлар бошланди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги ҳам хабар берди. Машғулотларда, жумладан, механизациялашган ва танк батальонлари иштирок этмоқда. Ҳарбийлар чегарани қўриқлаш, қўпорувчилик гуруҳларига қарши курашиш, шунингдек, дронлар ва енгил авиация ёрдамидаги ҳужумларни қайтариш вазифаларини машқ қилмоқда.
Машғулотлар ўтказилаётган ҳудуд алоҳида аҳамиятга эга. Уларнинг бир қисми НАТО стратегик жиҳатдан муҳим деб ҳисоблайдиган Сувалки коридорига яқин ҳудудларда ўтказилмоқда.
Энг кўп эътибор Литва чегараси ёнида жойлашган Гожский полигонига, шунингдек, Польша чегарасидан тахминан 15 ва 60 километр узоқликда жойлашган Брест ва Ружанск полигонларига қаратилмоқда.
Сувалки коридори Европанинг ушбу ҳудудида хавфсизлик нуқтаи назаридан энг нозик ҳудудлардан бири ҳисобланади. Польша ва Литва чегарасининг 104 километрлик қисми Болтиқбўйи давлатларини НАТОнинг қолган ҳудуди билан қуруқлик орқали боғлаб туради.
Минск хавотирга асос йўқлигини таъкидламоқда. Беларусь Мудофаа вазирлиги машғулотларни «фақат мудофаа хусусиятига эга» деб атаган.
Беларусь расмийлари, шунингдек, машғулотларда иштирок этаётган ҳарбийлар сони ва жалб қилинган қурол-яроғ миқдори 2011 йилги Вена ҳужжатида белгиланган, бошқа давлатларни олдиндан хабардор қилиш талаб этиладиган чегарадан ошмаслигини билдирмоқда. Шу билан бирга, машғулотларда аниқ қанча ҳарбий иштирок этаётгани ошкор этилмаган.
Бошланган машғулотлар Беларусь Қуролли кучларининг жанговар тайёргарлигини текширишга қаратилган кенгроқ чора-тадбирларнинг бир қисми ҳисобланади. Минск кўп йиллардан бери НАТО чегаралари яқинида ҳарбий машғулотлар ўтказиб келади. Илгариги машғулотларда кўпинча Россия ҳарбийлари ҳам иштирок этган. Бироқ ҳозирги вазият бундай ҳаракатларга хавфли тус беради. Чунки, Беларусь Россиянинг энг яқин иттифоқчиларидан бири бўлиб қолмоқда. 2022 йил февраль ойида Минск расмийлари Россия қўшинларига Украинага қарши операция олиб бориш учун Беларусь инфратузилмаси ва ҳудудидан фойдаланишга рухсат берган. Бироқ Беларусь ўз Қуролли кучларини Украина ҳудудидаги жангларда бевосита иштирок этиш учун юбормади. Шу сабабли, экспертлар таъкидлашича, халқаро гуманитар ҳуқуқда тилга олинган мезонлар нуқтаи назаридан Минск расман можаро иштирокчиси ҳисобланмайди. Айни пайтда Россияга кўрсатилаётган, жумладан, логистика ва ҳарбий соҳалардаги ёрдам кўлами халқаро ҳамжамият танқидига сабаб бўлиб келмоқда. Сўнгги кунларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликка оид янги маълумотлар ҳам пайдо бўлди. Душанба куни Украина Давлат чегара хизмати Украинанинг ғарбидаги нишонларга ҳужум қилаётган дронларни бошқариш учун Россия қўшинлари Беларусь ҳудудидаги станциялардан фойдаланаётганини маълум қилди.
Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА