Франция билан тоғ туризмини ривожлантириш борасида ҳамкорлик қилинади
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасида Франция вакиллари билан тоғ туризми соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Унда Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Франциянинг “Société des 3 Vallées (S3V)” компанияси директорлар кенгаши раиси Паскаль де Тьерсан ҳамда “POMA S.A.S.” компаниясининг Ўзбекистон, Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларидаги ваколатхонаси раҳбари Антон Чудаев билан музокара олиб борди.

Томонлар учрашув давомида тоғ туризми соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини атрофлича муҳокама қилди.
Учрашув давомида йил давомида фаолият юритувчи тоғ туризмини ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга бўлган Тошкент, Наманган, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларининг тоғли ҳудудлари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
Ўзбекистон томони жаҳон даражасидаги тоғ-чанғи курортларини яратиш ва бошқариш бўйича илғор тажрибаларни, хусусан, Куршевель мисолидаги амалиётни юқори баҳолаб, ушбу тажрибани мамлакат ҳудудида жорий этишдан манфаатдор эканини билдирди.

Шу нуқтаи назардан, иштирокчилар ҳудудларда туризмни ва унга туташ инфратузилмани ривожлантиришда асосий ҳаракатлантирувчи куч бўлиши мумкин бўлган замонавий тоғ-чанғи курортини барпо этиш лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббусини кўриб чиқди.
Бунда нафақат замонавий инфратузилмани яратиш, балки барқарор, рақобатбардош ва халқаро миқёсда эътироф этилган сайёҳлик йўналишини шакллантириш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Мазкур учрашув Ўзбекистонда тоғ туризмини ривожлантириш, халқаро тажрибани жорий этиш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш йўлида муҳим қадам бўлди. Франция билан ҳамкорлик эса мамлакат туризм салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА