Сеул ва Тошкент ўртасидаги мунтазам рейслар тикланади
Шу йилнинг 30 мартидан “Asiana Airlines” авиакомпаниясининг Сеул – Тошкент – Сеул йўналиши бўйича мунтазам парвозлари тикланади. Рейслар ҳафтасига бир неча марта – баҳорда душанба, чоршанба ва жума кунлари амалга оширилади, ёз ва куз мавсумида шанба куни ҳам қўшилади.
“Uzbekistan Airports” компаниясидан олинган маълумотларга кўра, парвозлар замонавий “Airbus A330-300” лайнерларида амалга оширилади.
Ўтган йилнинг охирларида тўхтатилган парвозларнинг тикланиши Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги авиаташувларни кенгайтиришда муҳим қадам бўлиб, туризм, ишбилармонлик ташрифлари ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлашда қўшимча имкониятлар яратади.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА