Франция Африкада янги шериклар изламоқда
Кения пойтахти Найробида Франция ва Африка давлатлари раҳбарлари иштирокида “Africa Forward” саммити бўлиб ўтмоқда. 1973 йилдан бери ўтказиб келинаётган ушбу форматдаги учрашув илк бор инглиз тили устувор бўлган мамлакатда ташкил этилгани билан аҳамиятли, деб хабар берди “The Guardian” нашри.
Анжуманда 30 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбари, Африка Иттифоқи ва халқаро молиявий институтлар вакиллари қатнашмоқда. Музокарада энергетика тизими ўзгариши, хавфсизлик, халқаро молия тизимини ислоҳ қилиш ва инвестиция ҳамкорлиги каби муҳим масалалар муҳокама қилинмоқда.
Эммануэль Макрон саммит доирасида Франция Африка билан муносабатни тенг шериклик асосида қайта қуриш истагида эканни таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Париж энди ўзаро манфаат ва амалий натижага таянадиган ҳамкорлик ташаббусини илгари суради.
Кения Президенти Уильям Руто Африка ва Франция ўртасидаги муносабатда янги босқич бошланганига урғу бериб, шериклик ўзаро ҳурмат ва умумий масъулият тамойилига асосланиши лозимлигини қўшимча қилди.
Кузатувчилар фикрича, форум Франциянинг Африка бўйича сиёсатидаги ўзгаришни намоён этмоқда. Сўнгги йилларда Парижнинг Мали, Нигер ва Чад каби собиқ мустамлакалари билан муносабати кескин совуқлашди. Айрим давлатлар Франция ҳарбийлари мамлакатни тарк этиши талабини қўйиб, мудофаа келишувини бекор қилган.
Таҳлилчилар фикрича, Найробидаги йиғин Франция қитъадаги таъсирини фақат франкофон ҳудуд билан чекламасликка уринаётганини кўрсатади. Париж энди иқтисодий ва дипломатик ҳамкорликни кенгайтириш орқали Африкада янги шериклар топишга интилмоқда.
Д.Ҳакимов, ЎзА