«First Global Challenge — 2026» халқаро робототехника мусобақаси ғолиблари тақдирланди
Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида 7–10 октябрь кунлари бўлиб ўтган «First Global Challenge — 2026» халқаро робототехника мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси учта олтин медални қўлга киритди. Ёш роботсозларимиз 16 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозониб, 637 балл тўплади ва мусобақа рекордини ўрнатди.
Қарийб 190 мамлакат ёшларини бирлаштирган нуфузли халқаро беллашувдаги бу юксак натижа Ўзбекистон ёшларининг илм-фан, муҳандислик ва замонавий технологиялар соҳасидаги салоҳиятини яна бир бор намоён этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти «Робототехника бўйича халқаро мусобақа ғолиблари ва уларнинг мураббийларини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Шу куни «Инно» инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркида халқаро мусобақа ғолиблари ва уларнинг мураббийларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов, рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев иштирок этиб, мусобақа ғолиблари ва уларнинг мураббийларига мукофотларни топширди.
Эркинжон Турдимов ўз нутқида ёшларнинг илм-фан ва технологиялар соҳасидаги ютуқлари мамлакат келажаги учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
—Бу эътироф мамлакатимизда илмга интилган, янгилик яратишга қодир ҳар бир ёшга билдирилган катта ишонч ҳамдир. Сизлар яратадиган технологиялар келгусида ишлаб чиқаришни ривожлантириш, сув ва энергияни тежаш, инсонлар ҳаётини енгиллаштиришга хизмат қилишига ишонаман, — деди у.
Ўзбекистон терма жамоаси нуфузли мусобақада бир нечта муҳим натижани қайд этиб, олтин медалларга сазовор бўлди. First Global — ёшлар ўртасида фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM) йўналишларини оммалаштиришга қаратилган халқаро ташаббус.
2026 йилги мусобақа «Инновацияларни алангалатиш» мавзуси остида ўтказилди. Иштирокчилар ўрмон ёнғинларининг олдини олиш, уларнинг оқибатларини камайтириш ва зарар кўрган ҳудудларни тиклаш каби долзарб глобал муаммолардан илҳомланган робототехника вазифаларини бажарди.
Мусобақа давомида ёшлар техник билимларини амалиётда қўллаш, мураккаб муаммоларга инновацион ечимлар топиш ва халқаро жамоалар билан ҳамкорликда ишлаш тажрибасини орттирди.
Ёш роботсозларимизнинг халқаро майдондаги муваффақияти Ўзбекистон ёшларининг юксак салоҳияти, инновацион тафаккури ва катта мақсадлар сари интилишини намоён этиб, мамлакатимизнинг илм-фан ва технологиялар соҳасидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА