Гулистонда нарколаборатория фош этилди
Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Гулистон шаҳрида ташкил этилган нарколаборатория фош қилинди.
Хусусан, 2003 ва 2005 йилларда туғилган 3 нафар маҳаллий фуқаро кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонда кучли таъсир қилувчи моддаларга қайта ишлов бериб, сотиш билан шуғулланган.
Холислар иштирокида ушбу манзилдан 5 кг. 863 гр. “Прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси, 100 минг дона бўш капсулалар, 2 дона электрон тарози, тиббий қўлқоплар ва бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 2761-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА