Фармацевтика тармоғи – жадал ривожланаётган ва кенг қамровли йўналиш
Мамлакатимизда ҳозирги кунда 13 828 та дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилувчи ташкилот фаолият юритмоқда. Шундан 7 998 таси асосий дорихона, 5 830 таси филиал ҳисобланади. Бундан ташқари, 106 та дори воситаларини тайёрловчи ташкилот, 61 та дори воситалари ишлаб чиқарувчи корхона ҳамда 456 та улгуржи реализация қилувчи корхона фаолият кўрсатмоқда.
Бундай кенг кўламли тизимда қонунчилик талабларига қатъий риоя этилиши, дори воситаларининг сифати, хавфсизлиги ва муомаласи устидан самарали давлат назоратини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, фармацевтика соҳасидаги ҳар қандай қоидабузарлик фуқароларнинг саломатлигига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу боис Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан соҳада давлат назорати замонавий ёндашувлар асосида амалга оширилмоқда. Назорат тадбирларининг асосий мақсади тадбиркорлик субъектларини жазолаш эмас, балки қонун устуворлигини таъминлаш, ҳалол фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, сифатсиз ва хавфсизлиги кафолатланмаган дори воситаларининг муомалага кириб келишининг олдини олиш ҳамда аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
2026 йилнинг биринчи ярмида Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш ва фарминспекция бошқармаси томонидан республика бўйлаб 634 та назорат тадбири амалга оширилди. Уларнинг 125 таси хавфни таҳлил қилиш тизими асосида юқори хавф даражасига эга деб топилган субъектларда ўтказилди. Мазкур ёндашув назорат тадбирларини тасодифий эмас, балки хавф омиллари юқори бўлган йўналишларга йўналтириш имконини бермоқда. Бу эса бир томондан ҳалол фаолият юритаётган тадбиркорларнинг ортиқча текширувларга тортилишини камайтирса, иккинчи томондан қонунбузарлик содир этиш эҳтимоли юқори бўлган субъектлар устидан самарали назоратни таъминлайди.

Назорат тадбирлари давомида аниқланган қоидабузарликлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳоланди. Хусусан, суд қарорлари асосида 33 та дорихонанинг лицензияси бекор қилинди. Эътиборлиси, ушбу ҳолатларнинг 6 таси дори воситаларининг давлат томонидан белгиланган нархларига риоя қилинмагани билан боғлиқ. Бундан ташқари, 64 та дорихона бўйича лицензияни бекор қилиш юзасидан иқтисодий судларга даъво аризалари киритилган бўлиб, мазкур ишлар ҳозирда кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, назорат натижаларига кўра 256 та дорихонага нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари, 33 та тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий таъсир чоралари қўлланилди. Ҳозирда яна 68 та корхона фаолиятига оид тўпланган ҳужжатлар қонунчиликка мувофиқ тегишли чораларни кўриш учун судга тақдим қилинган.
Назорат натижалари соҳада фақат камчиликлар мавжудлигини англатмайди. Ўрганишлар якунида 30 та тадбиркорлик субъектида қонунчилик талаблари тўлиқ бажарилгани аниқланиб, уларга нисбатан ҳеч қандай ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилмади. Бу эса амалдаги талаблар асосида фаолият юритаётган ҳалол тадбиркорлар сони ҳам ортиб бораётганини кўрсатади.

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази назорат фаолиятида профилактикага ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Тадбиркорларга амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан мунтазам тушунтиришлар берилиши, методик кўмак кўрсатилиши ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ишлар назоратнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Зеро, қонунбузарликни содир этилгандан кейин аниқлашдан кўра, унинг олдини олиш анча самарали ҳисобланади.
Бугунги кунда фармацевтика бозори жадал ривожланиб бораётган бир пайтда назоратнинг замонавий, шаффоф ва хавфга асосланган механизмларини қўллаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу тизим бир томондан ҳалол тадбиркорликни қўллаб-қувватласа, иккинчи томондан қонун талабларини менсимасдан фаолият юритаётган субъектларга нисбатан муқаррар ҳуқуқий чоралар кўрилишини таъминлайди.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази матбуот хизмати ушбу таҳлилий маълумотларни тақдим этиш асносида назорат тадбирлари бундан буён ҳам изчил давом эттирилишини билдирди. Қайд этилганидек, ушбу фаолиятнинг бош мақсади тадбиркорларни жазолаш эмас, балки фармацевтика соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва энг муҳими, фуқароларнинг ҳаёти ҳамда саломатлигини ишончли ҳимоя қилишдан иборат.
Моҳигул Қосимова, ЎзА