Алиментдан бўйин товлаганларга жазо муқаррар
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органларига йўлланилаётган мурожаатларнинг қарийб 70 фоизини алимент билан боғлиқ масалалар ташкил этади. Шу нуқтаи назардан Президентимиз томонидан шу йил 13 мартда ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида алимент пулларини ҳисоблаш ва тўлаш тартиб-таомиллари устидан қатъий назорат ўрнатилди.
Маълумотларга кўра, бюронинг Наманган вилояти бошқармаси Уйчи тумани бўлими иш юритувида айни вақтда 2 минг 303 та алимент ҳужжати мавжуд. Жорий йилнинг ўтган даврида олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида 4,2 миллиард сўм алимент пуллари ундириб берилиши таъминланди.
Бироқ олиб борилаётган тарғибот ва тушунтиришлардан сўнг ҳам айрим масъулиятини унутган оталар ҳали-ҳануз ҳам фарзанди моддий таъминотидан бўйин товлаб келмоқда. Ана шундай шахсларга нисбатан жиноят ишлари бўйича Уйчи туман суди билан ҳамкорликда сайёр судлар ўтказилмоқда.
Яқинда МИБ туман бўлимида жиноят ишлари бўйича Уйчи тумани суди иштирокида ўтказилган сайёр суд мажлисида вояга етмаган, моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар таъминотидан бўйин товлаган 15 нафар қарздорга оид маъмурий ишлар кўриб чиқилди. Натижада, шу жойнинг ўзида икки шахс алимент қарздорлигини тўлиқ тўлаб, фарзанди олдидаги мажбуриятини бажарди.
Қолган 13 фуқарога нисбатан суд томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Жумладан, қарздор А. Б. ундирувчи Х. Р. фойдасига ҳар ой даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент тўлаши белгиланган бўлса-да, мажбуриятни бажармаган. Оқибатда унинг алимент қарзи қарийб 39 миллион сўмга етган. Суд қарздорни 15 суткага маъмурий қамоқ жазосига тортди.
Алимент тўловларини ўз вақтида амалга ошириш фарзанд тақдири ва келажаги учун муҳимдир. Шундан экан ўз боласининг келажагига бефарқ бўлмаган оталар дилбандининг моддий таъминотидан бўйин товламасликлари керак.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири