Фарғонада замонавий тез тиббий ёрдам автомашиналари топширилди
Фарғонада 10 та “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам автомашиналари аҳолига хизмат кўрсатишни бошлади. Қарийб 4 миллиард сўм ҳисобига харид қилинган автомашиналар Фарғона, Қувасой, Қўқон шаҳарлари, Бағдод, Бешариқ, Бувайда, Тошлоқ, Риштон, Фурқат туманларидаги тез тиббий ёрдам шохобчаларига тантанали топширилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров тадбирда иштирок этиб, тиббий хизмат сифатини янада яхшилашга қаратилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида сўз юритди.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ўтган йилда қўшимча 172 та маҳаллаларда тиббиёт пунктлари ташкил этилди. Бунинг натижасида 450 минг нафар аҳолига 2 – 3 километр масофага овора бўлиб бормасдан яшаш уйига яқин жойда сифатли тиббий хизмат кўрсатишга эришилмоқда. Тиббиёт муассасаларида 127 минг нафар бемор даволаниб, 4 минг 400 дан ортиқ юқори технология жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Хусусий тиббиёт масканлари сони 720 тага етди. Шу билан биргаликда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида моддий-техник базани мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Янги тез тиббий автомашиналарининг олингани ҳам ана шу ишларнинг амалий ифодасидир.
[gallery-10502]
Мазкур замонавий тез тиббий ёрдам автомашиналаридан вилоятга ҳозиргача 20 та келтирилган бўлиб, яна босқичма-босқич 108 таси келтирилиши режалаштирилган. Бу автотранспортнинг афзаллиги шундаки, хизмат кўрсатиш давомида ҳаракатни тўхтатмай туриб беморга тиббий ёрдам кўрсатилиши мумкин. Тизимга бундай замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган тез тиббий ёрдам машиналарининг топширилиши эса ўз навбатида тез тиббий ёрдам хизматининг сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳридаги Республика тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона ҳудудий филиали учун қурилаётган бинодаги иш жараёнлари билан танишди. Филиал қурилиши учун 5,4 миллиард сўм маблағ сарф этилиши белгиланган. Бинонинг 1-қаватида дорихона, 2-3-қаватлари маъмурият учун хона ва 4-қавати “Call-markaz” дан иборат бўлади. Ҳозирда бинонинг 1-2-қаватларида қурилиш жараёнлари якунланмоқда. Мутасаддилар билан мулоқот қилган вилоят раҳбари белгиланган смета бўйича қурилиш ишларини якунлаш учун зарур бўлган 2 миллиард сўм маблағни ажратиш бўйича вилоят молия бош бошқармаси бошлиғига кўрсатма берди. Бинонинг белгиланган муддатда мустаҳкам ва сифатли қилиб қурилиши бўйича масъулларга ҳам вазифалар юкланди.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров (сурат), ЎзА