Сурхондарёда Президент мактабига кириш имтиҳонларининг иккинчи босқичи ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги “Сурхон” спорт мажмуасида Президент мактабига кириш имтиҳонларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди.
Жорий йилда вилоятда умумтаълим мактабларининг 4-синфини тамомлаган 4 минг 356 нафар ўқувчи биринчи босқич имтиҳонларида иштирок этди. Саралаш натижаларига кўра, уларнинг 480 нафари иккинчи босқичга йўлланма олди.
[gallery-30454]
Номзодлар 16 гуруҳга ажратилган ҳолда белгиланган вақт давомида тест синовларини топширди. Иккинчи босқичда математика фанидан танқидий фикрлаш ва муаммоларни ҳал этишга оид 40 та тест топшириғини бажариш учун 90 дақиқа, инглиз тили фанидан грамматика ва матн билан ишлашга оид 40 та тест топшириғи учун эса 40 дақиқа вақт ажратилди.
Президент мактабларига кириш имтиҳонларининг иккинчи босқич натижалари имтиҳон ўтказилган кундан бошлаб 30 кун ичида “Cambridge” халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинади.
Якуний натижаларга кўра, ҳар бир Президент мактабига 24 нафардан, жами республика бўйича 14 та Президент мактабига 336 нафар ўқувчи қабул қилинади
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА