Фарғонада Беларусь билан ҳамкорликда наслли чорва мажмуаси ташкил этилади
Фарғона вилояти тадбиркорлари дунёнинг 60 дан зиёд мамлакатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйганлар. Айни кунларда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегация Беларусьнинг Гомел вилоятида бўлиб турибди. Улар «Гомелгосплемпредприятие» корхонасида бўлиб, чорвачилик соҳасида ҳамкорлик истиқболлари бўйича тажриба алмашди. Чорвачиликда юксак натижаларга эришган Беларуснинг наслчилик ва сунъий уруғлантириш соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганиш, Фарғонада гўшт ва сут йўналишидаги чорвачилик самарадорлигини ошириш ҳамда икки томонлама инвестициявий лойиҳаларни йўлга қўйиш борасида музокаралар олиб борилди. Делегация аъзолари наслдор буқаларни сақлаш шароитлари, замонавий лаборатория ускуналари ва маҳсулот сифатини назорат қилиш тизими билан яқиндан танишдилар.
«Гомелгосплемпредприятие» республика қишлоқ хўжалиги унитар корхонаси Беларусь чорвачилик секторидаги энг йирик ва бой тарихга эга бўлган стратегик корхоналардан бири ҳисобланади. Корхона қорамолчиликда наслчилик ишларини ташкил этади. Наслдор буқалар уруғини ишлаб чиқариб реализация қилади. Бундан ташқари, чорва молларини сунъий уруғлантириш учун асбоб-ускуналар ва материаллар (шу жумладан суюқ азот) етказиб, юқори маҳсулдорликка эга бўлган тоза наслли ғунажинларни етиштириб сотади..


Учрашув ва музокаралар чоғида Фарғона вилоятида ҳамкорликдаги чорвачилик мажмуаси ташкил этишга келишиб олишди.


Муҳаммаджон Обидов, ЎзА