Фарғона мактабларида янги ўқув йили кўтаринки руҳда бошланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
2 сентябрь куни мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида 2026/2027 ўқув йили бошланди, илк қўнғироқ садолари янгради.
Фарғона вилоятида янги ўқув йилининг бошланиши ҳамда “Мустақиллик дарслари” “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!” шиори остида ўтказилди.
Айни пайтда вилоятдаги 963 та умумтаълим мактабида қарийб 717 минг нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Жорий ўқув йилида биринчи синфга 84 минг 867 нафар бола қабул қилиниб, уларга Президент совғалари топширилди.
Янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган тантанали тадбир Фарғона шаҳридаги 5-умумтаълим мактабида ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ҳамда устоз-мураббийларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
[gallery-31204]
Тантанали тадбирда мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, кейинги йилларда тизимда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.
– Юртбошимиз Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда ҳам таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратиб, “Бахт – интилганники, ғалаба – курашганники! Келажакни мардлар, тарихни ғолиблар яратади”, дея ёшларга мурожаат қилдилар, – деди вилоят ҳокими ўринбосари Бурҳон Қўлдошев. – Шундай экан, ўқувчи-ёшларимизнинг изланиш ва билим олишда доимо олға интилишларини тилаймиз.
Юртимизда ёшларга замонавий билим ва муносиб тарбия бериш, таълим жараёнига илғор халқаро тажриба ҳамда стандартларни жорий этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Мактабларда ўқувчиларнинг фанларни пухта ўзлаштириши, хорижий тилларни чуқур ўрганиши учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Фарғона шаҳридаги 5-умумтаълим мактаби ҳам ана шундай таълим масканларидан бири. Мактаб ўқувчилари халқаро ва республика миқёсидаги фан олимпиадалари ҳамда турли танловларда муносиб натижаларга эришиб келмоқда. Жумладан, 3-“И” синф ўқувчиси Имрон Ҳусанов инглиз тили бўйича республика танловида фахрли ўринни эгаллаб, Малайзияга йўлланмани қўлга киритди.
– Бу йил мактабимиз биринчи синфига 210 нафар ўғил-қиз қабул қилинди, - дейди мактаб директори Шарофиддин Ҳусанов. – Президентимиз совғалари уларга бир олам қувонч бағишлаши шубҳасиз.
Янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан ўтказилган тадбирлар ўқувчилар, устоз-мураббийлар ва ота-оналарда кўтаринки кайфият уйғотди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА