Ноёб табиий меросимизга оид 12 та сурат халқаро фототанловда қатнашади
Шу йилнинг 1 июнидан 1 июлига қадар мамлакатимизнинг табиий меросига бағишланган “Wiki Loves Earth – 2026” (Вики Ерни севади) энг йирик халқаро фототанлови ўтказилди.
Мазкур фототанловнинг миллий босқичи якунланиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан 12 та энг яхши сурат саралаб олинди. Энди ушбу сараланган суратлар халқаро босқичда мамлакатимизнинг ноёб табиий меросини дунёга намойиш этади.
Бу йил танлов иштирокчилари юртимизнинг турли ҳудудларига бориб, тоғлар, кўллар ва дарёлар, ўрмонлар, ноёб ҳайвонот дунёси ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни тасвирга олди. Жами 1 минг 172 та фотосурат юкланди. Бу кўрсаткич билан Ўзбекистон “Wiki Loves Earth – 2026”да иштирок этган мамлакатлар орасида 20 ўринни эгаллади.

Сараланган ишларда Тошкент ботаника боғи, Зомин миллий табиат боғи, Угам-Чотқол ҳудуди, Урунгач табиий ёдгорлиги ҳамда Қорақалпоғистондаги Судоче табиий қўриқхонаси каби табиат масканлари акс этган.
“Wiki Loves Earth”нинг муҳим жиҳати – мамлакатнинг табиий мероси ҳақида эркин ва очиқ визуал архив яратишдир. Танлов давомида олинган суратлар “Wikimedia Commons” платформасига жойлаштирилиб, келгусида энциклопедик, таълимий ва маърифий лойиҳаларда фойдаланилиши мумкин. Бу эса юртимиздаги ноёб ва бетакрор табиий меросни кенг тарғиб этиш, дунё сайёҳларини чорлашга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА