Эзгуликнинг халқаро эътирофи
Мамлакатимизда оила, хотин-қизлар, ёшлар манфаатларини таъминлаш, эҳтиёжманд хонадонларга кўмаклашиш борасидаги эзгу ишлар қамрови тобора кенгайиб бормоқда. Айни пайтда жамият бошқарувининг ноёб тузилмаси бўлган маҳаллаларга эътиборни кучайтириш, ибратли анъана ва қадриятларимизнинг бардавомлигини таъминлаш, ёшлар тарбиясида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини ошириш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Эътиборли жиҳати, бу йўналишдаги ибратли ишлар халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида Швециянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ингрид Терсман хоним билан бўлиб ўтган учрашувда айни жиҳатлар яна бир карра эътироф этилди.
Учрашув Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолияти билан танишиш мақсадида ташкил этилди.

- Мамлакатимизда аёллар, ёшлар, болалар ва умуман, ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган фуқароларга ёрдам кўрсатиш давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларда устувор ўрин эгаллайди, – деди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маърупова. — Бундай савобли ишда маҳаллаларнинг иштироки ва фаоллиги тобора ортиб бораётгани диққатга сазовор. Гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида ва самарали ҳал этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Самимий ва конструктив руҳда кечган мулоқотда Швеция элчиси маҳалланинг бетакрор ва ноёб тузилма эканини алоҳида эътироф этди.
Шунингдек, учрашувда “Меҳр” инсонпарварлик операциялари жараёнида Ўзбекистон Республикаси томонидан амалга оширилган ишлар халқаро ташкилотлар ва экспертлар томонидан юқори баҳолангани алоҳида қайд этилди.
Қизғин суҳбат тарзида ўтган мулоқот якунида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва келгусида мустаҳкамлаб боришга келишилди.
Таъкидлаш керакки, 2019 йилдан буён Сурия, Ироқ ва Афғонистон давлатларидан шу каби 531 аёл ва болалар юртимизга қайтарилди. Уларнинг 381 нафари вояга етмаган болалар. Уларга давлатимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА