Европа тажрибаси асосида бозор назорати такомиллаштирилмоқда (+видео)
Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқининг TAIEX (Техник ёрдам ва ахборот алмашинуви воситаси) дастури ҳамкорлигида «Бозор назорати: Европа тажрибаси» мавзусида семинар-тренинг ўтказилмоқда.
Мазкур тадбир Ўзбекистонда маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда бозор назорати тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришга қаратилган муҳим мулоқот майдонига айланди.
TAIEX дастури Европа Иттифоқининг давлат бошқаруви ва институционал салоҳиятни ривожлантиришга қаратилган йирик техник кўмак воситаларидан бири ҳисобланади. Дастур давлат органларига Европа қонунчилиги ва илғор амалиётини миллий қонунчиликка уйғунлаштириш ҳамда уни самарали татбиқ этишда экспертлик ёрдамини тақдим этади.
Тадбир давомида маҳсулотлар бозорга чиқарилгандан кейин уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳаёти ва соғлиғи ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олишга қаратилган бозор назорати механизмлари муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, «Бозор назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва Европа мамлакатлари тажрибаси атрофлича кўриб чиқилмоқда.
Мутахассислар таъкидлаганидек, замонавий бозор назорати тизими истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга тадбиркорлик фаолияти учун ҳам қулай муҳит яратади. Янги ёндашув корхоналардаги ортиқча текширувларни қисқартириш, маҳсулот сифати учун масъулиятни ишлаб чиқарувчи зиммасига юклаш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқликни таъминлашга хизмат қилади.
Бугунги кунда мамлакат бозорларида маҳсулот турлари ва ҳажми тобора ортиб бормоқда. Шу билан бирга, амалдаги техник тартибга солиш тизими бозорга кириб келаётган барча ноозиқ-овқат маҳсулотларини тўлиқ қамраб олиш имконини бермаяпти. Бу эса айрим ҳолларда маҳсулот хавфсизлиги ва сифати устидан самарали назоратни таъминлашда қийинчиликлар туғдирмоқда.
Шу сабабли Ўзбекистонда халқаро амалиётда ўз самарасини исботлаган, Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқ бозор назорати тизимини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, маҳсулот хавфсизлиги соҳасида янги ҳуқуқий асос яратилди. Шунингдек, рискка асосланган бозор назорати тизими, миллий ахборот платформалари, маҳсулотларни бозордан чақириб олиш механизмлари ва мувофиқликни баҳолаш органлари масъулиятини кучайтиришга қаратилган чоралар босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Европа Иттифоқидан ташриф буюрган халқаро экспертлар ҳам мазкур жараёнларда ўз тажрибалари билан ўртоқлашмоқда.
Бельгиялик эксперт Ян Деконинк бозор назорати соҳасида қонунчиликни қабул қилишнинг ўзи етарли эмаслигини, уни амалиётга тўғри татбиқ этиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини қайд этди.
— Биз ўз тажрибамиз орқали ҳамкасбларимизга бозор назорати тизимини янада самарали ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар беряпмиз. Энг муҳими, қонунчилик талабларини ҳаётга самарали татбиқ этиш орқали истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш мумкин, — деди эксперт.
Мутахассисларнинг фикрича, бозор назорати тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш нафақат хавфсиз маҳсулотлар улушини оширади, балки миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини кучайтириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш ва мамлакатнинг халқаро савдо тизимига интеграциялашувини жадаллаштиришга ҳам хизмат қилади.
Шу маънода, Тошкентда ўтказилаётган мазкур семинар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим амалий босқичларидан бири сифатида аҳамият касб этмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/n60oHiGoorU" title="Yevropa tajribasi asosida bozor nazorati takomillashtirilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова,
Ойбек Давронов (видео), ЎзА