Европа чемпионлар лигаси ярим финалчилари маълум
Футбол бўйича Европа чемпионлар лигасининг 1/4 финал босқичидан ўрин олган сўнгги икки учрашув ўтказилди ва ярим финалга чиққан барча жамоалар номи аниқ бўлди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, чорак финал доирасида “Бавария” ўз уйида Мадриднинг “Реал” клубини қабул қилиб, 4:3 ҳисобида устун келди. Учрашувнининг 1-дақиқасида мезбонлар посбони Мануэль Нойер қўпол хатога йўл қўйди ва бу вазиятдан Арда Гюлер унумли фойдаланиб, тўпни узоқ масофадан бўш дарвозага жойлаб қўйди. Ушбу голдан беш дақиқа ўтиб, Александр Павлович бурчакдан узатилган тўпни боши билан дарвозага йўллаб, ҳисобни тенглаштирди.

Биринчи бўлимнинг 29-дақиқасида Арда Гюлер жарима зарбасини аниқ бажарди ва Нойер дарвозасига иккинчи голни урди. 38-дақиқага келиб, Ҳарри Кейн “Бавария”нинг иккинчи голига муаллифлик қилди. Бўлим сўнгида Килиан Мбаппе ҳисобни 3:2 кўринишига олиб келди.

Иккинчи бўлимнинг 86-дақиқасида захирадан ўйинга қўшилган Эдуардо Камавинга иккинчи сариқ карточкасини олиб, майдонни тарк этди. 89 ва 94-дақиқаларда Луис Диас ва Майкл Олисе “Реал” дарвозасига гол урди ва ўйин тақдирини ҳал этди. Шу тариқа, “Бавария” икки учрашув якунига кўра, 6:4 ҳисобида зафар қучди ва ярим финалга йўл олди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, “Бавария” клуби 2012 йилдан бери илк бор Чемпионлар лигасида “Реал” тўсиғидан ўтишга муваффақ бўлди. Бунга қадар “Реал Мадрид” Чемпионлар лигасининг чорак ва ярим финалларида кетма-кет 4 маротаба “Бавария”дан устун келган.
Дарвоқе, Венсан Компани шогирдлари охирги марта 24 январь куни Бундеслига доирасида “Аугсбург” клубига 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган эди. Ўшандан бери жамоа барча мусобақаларда 14 та ғалаба ва 2 та дуранг қайд этди.
Шунингдек, “Бавария” ҳужумчиси Ҳарри Кейн Европа чемпионлар лигасида “Реал” дарвозасини ишғол қилиб, мавсумдаги голлари сонини 50 тага етказиб олди.
“Бавария” Чемпионлар лигасида кейинги босқичга чиққани ва Бундеслига ўйинлари давом этаётганини инобатга олсак, Ҳарри Кейнда Эрлинг Ҳоланд рекордини тўлиқ янгилаш имкони бор.
Мадриднинг “Реал” жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппе эса бу учрашувдаги голи эвазига бир мавсумда Еврокубоклар доирасида 10 та сафар ўйинида тўп киритган тарихдаги биринчи ўйинчига айланди. Килиан Мбаппе қитъанинг энг нуфузли мусобақаси давомида рақиб майдонидаги баҳсларда “Қайрат”га учта, “Олимпиакос”га тўртта, “Бенфика”га иккита гол урган.
Умуман олганда эса Мбаппе Чемпионлар лигаси жорий мавсумида 11 та учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини жами 15 маротаба ишғол қилди.
Энди эса чорак финал доирасидаги сўнгги ўйин ҳақида тўхталиб ўтамиз. Лондоннинг “Арсенал” жамоаси Чемпионлар лигаси чорак финал жавоб ўйинида “Спортинг” билан дуранг (0:0) ўйнади ва турнир ярим финалига чиқди.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Микель Артета шогирдлари Чемпионлар лигасининг жорий мавсумидаги 12 та учрашувда бирорта ҳам мағлубиятга учрамади.
ЕЧЛ мусобақасининг ярим финалида “ПСЖ” (Франция) – “Бавария” (Германия) ва “Атлетико” (Испания) – “Арсенал” (Англия) билан куч синашади. Ушбу ўйинлар 28-29 апрель ва 4-5 май кунлари бўлиб ўтади. Зафар қучган жамоалар Венгриянинг Будапешт шаҳридаги “Пушкаш Арена” стадионида 30 май куни бўлиб ўтадиган финал ўйинида бош соврин учун рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА